Каспийдаги фожиада ҳарбийлар қутқарув жилетлари билан таъминланмаган бўлган – Тўқаев

Олам

−

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Манғистау вилоятидаги машғулотлар вақтида 14 нафар ҳарбий ҳалок бўлганидан сўнг мамлакат Қуролли Кучларида кенг қамровли ислоҳот ўтказиш зарурлигини билдирди. Бу ҳақда кеча, 27 сентябрь куни Қозоғистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тўқаев мудофаа соҳаси раҳбарияти билан йиғилишни Манғистау вилоятида ҳалок бўлган ҳарбийлар хотираси учун бир дақиқалик сукут билан бошлаган. У марҳумларнинг ота-оналарига ҳамдардлик телеграммаларини юборганини ва уларнинг оилалари зарур ёрдам билан таъминланишини билдирган.

Президент фожиага кескин баҳо бериб, тинчлик даврида ҳарбийларнинг ҳалок бўлишини офицерлар, жумладан генераллар томонидан йўл қўйилган “жиноий моҳиятга эга касбий бўлмаган ёндашув” оқибати деб атаган.

У машғулотларнинг қандай режалаштирилгани, улар замонавий таҳдидларга қанчалик мос келиши ва Генерал штабнинг бу жараёндаги ролини аниқлашни талаб қилган. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар зарур жиҳозлар, жумладан, денгизда қутқарув жилетлари билан таъминланмаганини маълум қилган.

“Ҳеч қандай сабоқ ўтган фожиалардан олинмаган. Масъулиятсизлик, бепарволик ва кўзбўямачилик одатий ҳолга айланган. Тизимли иш йўқ”, деган Тўкаев.

Президент топшириғи билан Мудофаа вазирлигида кенг қамровли текширув бошланган. Унда ҳарбий хизматни ташкил этиш, армиянинг таъминоти, моддий ва молиявий ҳолати ўрганилади. Текширувга Бош вазир ўринбосари эмас, балки Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Аида Болаева раҳбарлик қилмоқда.

Тўқаев лавозим ва ҳарбий унвонлар жавобгарликдан озод қилиш учун асос бўла олмаслигини таъкидлаган. Шунингдек, Президент янги Мудофаа вазири Айдос Мирзахмедовни таништирган ва унга армияни ислоҳ қилиш бўйича кескин чоралар кўриш вазифасини юклаган.

“Ҳарбий соҳада туб ислоҳот ўтказиш вақти келди. Бу кечиктириб бўлмайдиган вазифа”, деган Тўқаев 

Президент Қозоғистон армияси “ўтган асрда қотиб қолгани”ни таъкидлаб, қўмондонлик тизимини замонавий халқаро тажриба асосида қайта қуриш ва армияни рақамли трансформация қилиш зарурлигини айтган.

Тўқаевнинг таъкидлашича, инсонни технология билан алмаштириш мумкин бўлган соҳаларда замонавий технологиялардан фойдаланиш керак. Шунингдек, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, мақсадсиз харажатлар ва ўзлаштиришларга йўл қўймаслик талаб этилган.

Хавфсизлик кенгаши аппарати ва Мудофаа вазирлигига 10 кун ичида ҳарбий ислоҳот режасини ишлаб чиқиш топширилган. Билдирилишича, ҳужжат жорий йил октябрь ойининг иккинчи ярмида Хавфсизлик кенгаши йиғилишида кўриб чиқилади.

Тўқаев қўмондонлик лавозимларига тайинлашда шахсий садоқат эмас, тажриба ва касбий салоҳият асосий мезон бўлиши кераклигини ҳам қайд этган. Президент армияда ҳар бир ҳарбий хизматчининг ҳаёти ва хавфсизлиги устувор вазифа бўлиши шартлигини айтган.

Манғистаудаги фожиа

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Манғистау вилоятида Қозоғистон Қуролли кучлари Ҳарбий-денгиз кучлари томонидан ўқув-жанговар топшириқни бажариш вақтида Каспий денгизи соҳилида метеорологик шароитнинг кескин ёмонлашиши ва шамолнинг кучайиши сабабли ҳарбий хизматчилар денгизга оқиб кетган.

Мудофаа вазирлиги дастлабки маълумотларида денгизга 19 нафар ҳарбий хизматчи оқиб кетганини билдирган эди. Ўша пайтда 9 нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлгани қайд этилган. Кейинроқ, Манғистау вилояти ҳокимлиги денгизга оқиб кетганлар сони 17 нафар эканини маълум қилди.

Ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлганидан сўнг ҳукумат комиссияси тузилган, ҳодиса жойига Бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев юборилган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган ва фожиани тергов қилиш бўйича топшириқлар берган. Бундан ташқари ҳодиса ортидан мамлакат Мудофаа вазирлигининг 5 нафар мансабдор шахси қўлга олинган.

Оқтовда Шаҳар куни муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган байрам тадбирлари бекор қилинган. Қосим-Жомарт Тўқаев 25 сентябрь кунини Қозоғистонда умуммиллий мотам куни деб эълон қилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фожиа муносабати билан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қозоғистон халқига ҳамдардлик йўллади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг