Канаданинг Ўзбекистондаги элчиси ўз миссиясини тугатди
Жамият
−
03 Октябрь 2023
4535Канаданинг Ўзбекистондаги элчиси Элисон Леклер ўз дипломатик миссиясини якунлади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Тelegram-каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, бугун, 3 октябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва мамлакатдаги фаолиятини тугатаётган Канада элчиси Элисон Леклер ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Унда мамлакатлар ўртасидаги кўплаб соҳалардаги икки томонлама муносабатлар ривожланиб бораётгани ҳақида сўз борган.
“Учрашувда энергетикадан тортиб таълимгача бўлган кўплаб соҳалардаги икки томонлама муносабатлар улкан салоҳиятга эга экани алоҳида таъкидланди. Ўтган йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Элисон хонимга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз ва келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз”, деб ёзади Ташқи ишлар вазири.
Маълумот учун, Элисон Леклер 1963 йил 9 сентябрда Канаданинг Монреаль шаҳрида туғилган. У 2005 йилдан 2009 йилгача Канада Ташқи ишлар вазирлигининг Хитой, Мўғулистон ва Тайвань билан алоқалар департаменти директори бўлган. 2009 йилдан бошлаб беш йил давомида Швейцариянинг Женева шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги маслаҳатчи-элчи ва доимий вакил ўринбосари сифатида хизмат олиб борган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси Феруза Маҳмудова ушбу мамлакатдаги ўз миссиясини якунлагани ҳақида хабар берилган эди. Унинг номзоди 2020 йилнинг 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан маъқулланганди.
LiveБарчаси