Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси ўз миссиясини тугатди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси Феруза Маҳмудова ушбу мамлакатдаги ўз миссиясини якунламоқда. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.  

Қайд этилишича, Феруза Маҳмудова Исроил Ташқи ишлар вазири Эли Коэннинг қабулида бўлган. Унда Ўзбекистон-Исроил ҳамкорлигининг жорий кун тартиби муҳокама қилинган.  Вазир Эли Коэн Исроил томони Ўзбекистон билан фаол ривожланиб бораётган ҳамкорликни юксак қадрлашини таъкидлаган.

“Мулоқот якунида, Эли Коэн Феруза Маҳмудовага Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчиси лавозимида амалга оширган юксак фаолияти учун миннатдорлик билдириб, келгусидаги дипломатик фаолиятида муваффақиятлар тилади”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Феруза Маҳмудова Ўзбекистон тарихида Гулнора Каримовадан (Испания, 2010-2012) кейинги иккинчи аёл элчи саналади. У 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1996 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Халқаро муносабатлар” факультетини тамомлаган. 2009 йилда Германиянинг Тюбинген университетида гуманитар фанлар бўйича магистр даражасини олган. 1996-2006 йилларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги марказий аппаратида ишлаган, олий даражадаги ташрифларни ташкил этишда иштирок этган. 2014-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида фаолият юритган. 2018-2020 йилларда Ташқи ишлар вазирлигининг икки томонлама ҳамкорлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Феруза Маҳмудованинг Исроилдаги элчиси этиб тайинланишини маъқуллаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Исроил Феруза Маҳмудова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг