Канада АҚШнинг 51-штатига айланиши мумкин – Трамп Трюдога таҳдид қилди
Олам
−
03 Декабрь
8250АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Канада Бош вазири Жастин Трюдо билан учрашувда Оттава ноқонуний миграция ва гиёҳванд моддалар контрабандаси муаммосини ҳал қила олмаса, Канада АҚШнинг 51-штатига айланиши мумкинлиги билан таҳдид қилди. Бу ҳақда кеча, 2 декабрь куни манбаларига таяниб, “Fox News” хабар берди.
Қайд этилишича, ўтган ҳафта сайланган президентнинг Мар-а-Лаго (Флорида) қароргоҳида бўлиб ўтган музокараларда Трамп Трюдога агар Оттава АҚШга Канада чегараси орқали ноқонуний муҳожирлар оқими билан боғлиқ вазиятни тубдан ўзгартира олмаса, шунингдек, ҳозирда 100 миллиард долларга яқин бўлган савдо камомадини камайтира олмаса, ўзининг инаугурацияси куни, 2025 йил 20 январда барча Канада товарларига 25% импорт божларини жорий этишини айтган.
Ўз навбатида, Трюдо Америка маъмуриятининг бўлажак раҳбарига бундай чоралар Канада иқтисодини ўлдиришини таъкидлаган. Бунга Трамп Канада, эҳтимол, АҚШнинг 51-штатига айланиши мумкин, деб жавоб берган. Телеканалнинг таъкидлашича, бу ибора Канада Бош вазирининг асабий кулгисига сабаб бўлган.
Учрашув иштирокчиларидан бири ҳазил билан воқеалар ривожи шундай тус олса, Канада жуда либерал давлатга айланишини, Трамп мамлакатни икки штатга бўлишни таклиф қилганини, улардан бири либералларга, иккинчиси эса консерваторларга мойиллигини таъкидлади. Бундан ташқари, АҚШнинг сайланган президенти Трюдо АҚШнинг 51-штати губернатори бўлиши мумкинлигини қўшимча қилган.
“Fox News” телеканалига кўра, Канада Бош вазири ва Трамп ўртасидаги учрашув тахминан уч соат давом этган.
Маълумот учун, АҚШ, Мексика ва Канада давлатлар ўртасида эркин савдо зонасини яратишни ўз ичига олган уч томонлама келишув (USMCA) билан боғланган. Трамп президент сифатидаги биринчи куни, 2025 йил 20 январида ноқонуний иммиграция ва гиёҳванд моддалар контрабандаси билан боғлиқ ҳолда Канада ва Мексикадан келаётган барча товарларга 25 фоизлик божлар жорий этишини маълум қилган.
Кейинчалик “The Wall Street Journal”нинг ёзишича, бу таҳдид канадалик сиёсатчилар ва бизнесменларни ҳайратда қолдирган. Канада умумий экспортининг тахминан тўртдан уч қисми Қўшма Штатларга тўғри келганлиги сабабли, Америка бозорига божсиз кириш Оттаванинг иқтисодий ўсиши учун жуда муҳимдир.
Эслатиб ўтамиз, 28 ноябрь куни Хитойнинг давлат оммавий ахборот воситалари АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампни фентанил оқими туфайли Хитой товарларига қўшимча тарифлар жорий этиш ҳақидаги ваъдаси дунёнинг етакчи икки иқтисодини ўзаро ҳалокатли тариф урушига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. Мексика Президенти Клаудия Шейнбаум эса Трамп Оқ уйга қайтгач, Мексика учун 25 фоизлик умумий тарифни жорий қилса, Мексика ҳам жавоб чораларини кўришини айтганди.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь