Қўйнидан тўкилса, қўнжига. Қодировнинг 15 яшар ўғлига яна бир орден берилди

Олам

image

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли Адам Қодиров 1-даражали “Ислом динига хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Бу ҳақда Чеченистон Миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот вазири Аҳмад Дудаев маълум қилди.

“Чеченистон Республикаси раҳбарини қўриқлаш бошқармаси бошлиғи, муҳтарам биродаримиз Адам Рамзанович Қодировни 1-даражали “Ислом динига хизматлари учун” ордени билан тақдирлангани билан чин қалбимдан табриклайман. Мукофот Чеченистон Республикаси муфтийси Салоҳ-Ҳожи Межиев томонидан Шимолий Кавказ минтақаларининг барча муфтийлари иштирокида топширилди”, деб ёзган Дудаев.

Унинг сўзларига кўра, мукофот бугун, 15 ноябрь куни Грознийда очилган халқаро илмий-амалий анжуман чоғида топширилган. 

“Орден Ислом динини мустаҳкамлаш ва унинг қадриятларини ҳимоя қилишга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун берилади”, дея қўшимча қилган Дудаев.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Адамга “Чеченистон қаҳрамони” унвони, шу ойда эса “Кабардин-Балкар Республикаси олдидаги хизматлари учун” ордени ҳамда акалари Али ва Аҳмад қаторида Чеченистон парламентидаги рағбатлантиришнинг энг юқори шакли – “Даймехкан Сий” (Ватан шарафи) ордени билан тақдирланганди. Шу ой бошида у отасининг хавфсизлик хизматида “муҳим” ва “масъулиятли” лавозимга тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Рамзан Қодиров Чеченистон Адам Қодиров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг