Қувада эркак ер талашиб одамларга пичоқ билан таҳдид қилди (видео)
3-саҳифа
−
29 Май 3033 1 дақиқа
Фарғона вилоятининг Қува туманида эркак 8 метр ер учун одамларга пичоқ билан таҳдид қилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 22 май куни Қува туманининг “Султонобод” маҳалласида яшовчи фуқаро А.А. яшаш манзили ҳудудидаги болалар футбол майдонида ободонлаштириш ишларини олиб бораётган маҳалладошлари Л.Ҳ. ҳамда Ҳ.А. билан шу ер майдонида 8 метр ҳаққи борлигини айтиб жанжаллашган. Шунингдек, у жамоат жойига совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган пичоқ олиб борган.
Фуқароларнинг ИИОга мурожаати асосида профилактика инспекторлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, келишмовчилик бартараф этилган ҳамда совуқ қурол А.А. дан олиниб, тегишли тартибда расмийлаштирилган. Жанжал давомида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузар А.А. га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-(майда безорилик) ва 185-2-моддалари (совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли суд органига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятидаги Денов тиббиёт коллежида бўлиб ўтган кураш мусобақаси давомида курашчи полвон пичоқлаб ўлдирилган эди.
Live
Барчаси