“Қуролларингизни ташланг”. Путин Украина ҳарбийларига мурожаат қилди
Олам
−
24 Февраль 2022
21425Россия Президенти Владимир Путин Украина ҳарбийларига мурожаат қилиб, улардан қуролларини ташлашни сўради. Шунингдек, Украина шарқида россияпараст сепаратистлар назоратидаги Донецк ва Луганск халқ республикалари раҳбарлари Москвадан ёрдам сўрагани учун Донбассга (Украина) қўшин киритганини маълум қилди.
“Ҳарбий операциянинг мақсади саккиз йил давомида геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилишдир. Биз Украинани демилитаризация ва денацификация қилишга интиламиз. НАТО украиналик неонацистларни қўллаб-қувватлайди. Бизнинг ҳаракатларимиз таҳдидлардан ўзимизни ҳимоя қилишдир. Россиянинг режалари Украина ҳудудларини босиб олишни ўз ичига олмайди, биз ҳеч кимга куч билан ҳеч нарсани юкламаймиз”, деган Путин.
Шунингдек, у сиёсати эркинликка асосланганини таъкидлаган ҳамда украин ҳарбийларини қуролларини ташлашга ва курашмасликка чақирган.
“Украина ҳарбий хизматчиларига мурожаат қилмоқчиман: оталаримиз, боболаримиз бугунги кунда халққа қарши хунтага хизмат қилиш учун нацизмга қарши курашмаган. Қуролларингизни ташланг ва сиз тўсиқсиз уйингизга қайтишингиз мумкин. Қон тўкилиши учун барча жавобгарлик Киев режимига юкланади”, деган Путин.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Украина ИИВ маслаҳатчиси эса Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирилганини маълум қилди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Шунингдек, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.