Қурол ишлатмаслик бўйича буйруқ олгандик – Қорақалпоқдаги намойишларда тошбўрон қилинган ҳарбий
Жамият
−
10 Июль 2022
24111Қорақалпоғистондаги намойишларни бостириш учун жалб қилинган ҳарбийларга одамларга қарши қурол ишлатмаслик ҳақида кўрсатма берилган. Бу ҳақда жараёнда қатнашган ҳарбийлар сўзлаб берди. Уларнинг интервьюсини Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги эълон қилди.
“Қурол ишлатиш мумкинмаслиги бўйича буйруқ олгандик. Чунки уй ерда тинч аҳоли, оддий, содда халқ. Ҳамма ўзининг доимий жойига, ҳарбий қисмларига, постларига етиб бориши бўйича буйруқ берилди. Шахсий таркибимга зудлик билан БТР техникасига ўтиришини тайинладим ва ҳаракатни бошладик.
17:30 лар атрофида ҳаракатни бошлаган бўлсак, доимий жойлашув жойига қараб тахминан 500 метрлар ҳаракатландик. БТР ҳайдовчиларидан бири капитан 1 километрлик узоқликда 300−400 нафардан ортиқ оломон турибди. Бизни йўлимизни тусаяпти. Йўлимизни тўсди… Қўлларида ҳар хил темир жисимлар, арматуралар, лом, ёнувчи аралашма борлигини айтди.
Ҳамма нарсаган тайёр туришга буйруқ бердим. Тайёр туринглар Шу пайтда ҳарбий қисмга алоқага чиқдим. Бизга ёрдамчи куч керак, олдимиздан 300−400, орқамиздан 100−200 оломон ёпирилиб келяпти. Техникамизга зарба беришни, ойналарини синдиришни бошлади.
Асосий мақсадимиз ўша ерда қорақалпоқ халқини тинчлигини, осойишталигини сақлаш бўлганлиги сабабли шу вазиятда техникамиз билан халқни устига бостириб ҳайдамадик. Халққа қурол ишлатмадик. Уларни бирортасини жонига озор берганимиз йўқ. Ҳамма нарсага чидаб, қасамёдга содиқлигимизни исботладик”, дейди ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилувчи капитан Рустам Бобожонов.
Бобожовнинг сўзларига кўра, у мўлжалга олувчига осмонга қарата бир неча марта огоҳлантирувчи ўқ узишни буюрган.
Шунингдек, намойишчиларни тинчлантиришда қатнашган ҳарбий хизматчилардан бирининг сўзларига кўра, улар зирҳли жанговар автомобилларни (БТР) аҳоли жабр кўрмаслиги учун тўхтатган.
“БТРни ичида ўтириб эшитяпмиз, улар (намойишчиларни) бошқарадиган 3-4 та одам бор эди. Маҳаллий аҳоли у ерда фақат воситачи ролини ўйнади. Намойишчиларга руҳий жиҳатдан зарба берилган эди халос. Маҳаллий аҳоли жабр кўрмаслиги учун биз БТРни тўхтатдик. БТРни аҳолини устига қараб ҳайдашимиз ёки уларга қараб ўқ узишимиз ҳам мумкин эди. Бу қўлимиздан келарди, виждон йўл қўймади. Ҳеч қачон ортга чекинмаймиз, деб қасамёд қилганмиз. Ҳарбий либосни кийдикми, охиригача, сўнгги қонимиз қолгунича хизмат қиламиз”, дейди у.
Яна бир аскарнинг айтишича, намойишчилар ҳарбийларга кўплаб зарбалар берган.
“Усти бошим қон. Орқа тарафдан бош ва елка қисмларимга жуда кўп зарба берилди. Қўлимизда жанговар қурол бўлмаса ҳам, устимизда ҳарбий форма бор эди. У менга қандайдир куч берди. Намойишчилар ҳарбий кийимингни ечасан деб ёпишди, лекин мен ечишга ҳам ҳаракат қилмадим”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси