Қозоғистоннинг 54 қишлоғи спиртли ичимликлардан воз кечди
Олам
−
21 Февраль 2025 9395 2 дақиқа
Қозоғистоннинг Атирау вилояти 7 та туманидаги 54 та қишлоқ аҳолиси спиртли ичимликлардан воз кечди. Бу ҳақда вилоят полиция департаментига таяниб, “Казинформ” хабар берди.
“Индер тумани Қурилис қишлоғи аҳолиси 5 йил олдин спиртли ичимликлардан воз кечиш йўлида қадам ташлаган. Натижада бир йил давомида қишлоқда бирорта ҳам жиноят қайд этилмаган. Бу бошқа қишлоқларга ҳам ижобий таъсир кўрсатди. 20 февралга келиб, Атирау вилоятида ичкилик истеъмол қилмайдиган қишлоқлар сони 54 тага етди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, спиртли ичимликлардан воз кечган қишлоқлар сони бўйича Қизилқогин тумани етакчилик қилмоқда. Бу ерда 17 та қишлоқ аҳолиси ичимлик истеъмол қилмайди. Россия билан чегарадош бўлган Қурманғази туманида ҳам 16 та қишлоқ аҳолиси спиртли ичимликлардан воз кечган. Махамбет туманида – 7 та, Исатайда – 6 та, Индерда – 4 та, Жилиойда – 3 та, Макат туманида эса 1 та қишлоқ аҳолиси ичкиликдан буткул воз кечган.
Индер туманининг Қурилис қишлоғида иккита озиқ-овқат дўкони бор. Улардан бирининг сотувчиси Асел Имангалиеванинг айтишича, кундалик истеъмол маҳсулотларини сотишдан тушадиган даромад ҳам етарли.
“Спиртли ичимлик ва тамаки соғлиққа ҳам, инсон тақдирига ҳам катта зарар келтиради. Улар инсонни ёмон одатларга ўргатади. Шу сабабли қишлоқ аҳолиси ташаббусини қўллаб-қувватладик ва дўконда фақат озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ҳақида қарор қабул қилдик”, дейди Имангалиева.
Жарсуот қишлоқ округи ҳокими Эрбол Бокеевнинг айтишича, ўтган йили қишлоқ кўчалари асфалтланган, ёритиш тизими ўрнатилган ва ёзги сув қувури тортилган. Шунингдек, қишлоқда интернет тармоғи ҳам мавжуд.
“Бизнинг қишлоқ аҳолиси аллақачон спиртли ичимликлардан воз кечган. Катта авлод насиҳатларига қулоқ солаётган ёшларимиз яхши натижаларга эришмоқда. Уларнинг аксарияти спорт билан шуғулланади. Яқинда қишлоғимизда кичик ёшдаги болалар учун ўйин майдончаси ҳам қурилди”, дейди қишлоқ аҳолиси вакили Айгул Қажигалиева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўтган йилнинг март ойида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатда гўёки миллий анъаналар ниқоби остида келин ўғирлаш амалиётини жорий этишга уринаётганлар борлигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, қозоғистонликлар мамлакатдаги анъанавий ислом қонунларига қатъий амал қилган ҳолда диний экстремизм ва архаизмга қарши туриши керак.
Live
Барчаси