Тўқаев Қозоғистондаги келин ўғирлаш анъаналарига қарши чиқди
Олам
−
16 Март
5758Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатда гўёки миллий анъаналар ниқоби остида келин ўғирлаш амалиётини жорий этишга уринаётганлар борлигини айтди. Бу ҳақда у Миллий Қурултой йиғилишида сўз очди.
“Бундай очиқ-ойдин обскурантизмни (маърифат, фан ва тараққиётга душманлик муносабати) оқлаб бўлмайди ва бу ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ҳамда эркинликлари мутлақ қадрият ҳисобланган илғор жамият ғояларига зид келади. Менимча, бундай фактлар нафақат маънавий қоралаш, балки ҳуқуқий баҳо ҳам талаб қилади”, дейди Президент.
Унинг сўзларига кўра, қозоғистонликлар мамлакатдаги анъанавий ислом қонунларига қатъий амал қилган ҳолда диний экстремизм ва архаизмга қарши туриши керак.
“Биз ҳар доим ўз дунёмиз ҳақидаги тушунчамиздан келиб чиқиб, ўзига хос маданий кодимизга амал қилишимиз керак. Биз маънавий илдизларимизни улуғлаб, давлатимизнинг дунёвий мақомини ҳар томонлама мустаҳкамлашимиз зарур. Қозоғистон давлатчилигимиз ва ижтимоий маънавиятимизга путур етказмайдиган барча динлар, қарашлар ва таълимотларга ҳамиша бағрикенглик билан муносабатда бўлади. Аммо биз Ғарб ва бошқа оқимлар таъсирида маданиятимизга ёт бўлган қадриятларни тарғиб қилаётган, қолаверса, дунёнинг асосига зид бўлганларнинг йўл-йўриқларига эргаша олмаймиз ва эргашмаймиз ҳам”, дейди давлат раҳбари.
Шу билан бирга, Тўқаев ушбу тарғиботга болалар ҳам жалб қилингани боис, ёш авлоднинг маънавий саломатлиги масаласининг нархи ҳар қачонгидан ҳам қиммат эканини таъкидлаган.
“Сиёсий вазият ҳам, жаҳондаги янги тенденциялар ҳам бу борадаги позициямизга таъсир қилмайди. Биз анъанавий оилавий қадриятларни қатъий ва изчил ривожлантиришимиз керак. Ислом қонунлари ўта бузуқ, догматик шаклда қабул қилинган оилаларда аёлларни камситиш ва ҳатто зулм қилиш фактларига жиддий эътибор қаратиш лозим. Бундай оилаларда ҳаёт фан ва техника ютуқлари билан XXI аср руҳига зид бўлган бемаъни тақиқ ва буйруқлар асосида қурилади. Афтидан, одамлар атайлаб ўрта асрлардаги ахлоқ ва хулқ-атвор моделларига ўтиб кетяпти”, дея хулоса қилган Президент.
Маълумот учун, Қозоғистонда, айниқса, жанубий вилоятларда қизларни турмушга бериш мақсадида ўғирлаш амалиёти ҳамон кенг тарқалган. Баъзи ҳолларда бундай ҳаракатлар жинсий дахлсизлик, камситиш, ноқонуний қамоққа олиш ва ҳатто ўз жонига қасд қилишга олиб келади.
2023 йилнинг август ойида Қозоғистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман жиноий қонунчиликка келин ўғирлашнинг олдини олишга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ташаббуси билан чиққанди. Бунга Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси келтирилиб, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг жиноий қонунчилигида аёлларни мажбуран никоҳга олиш мақсадида ўғирлаш тўғрисида алоҳида модда борлигини кўрсатилган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15