Қозоғистондаги тартибсизликларда “Толибон”нинг қўли борми? Ҳаракат “тилга кирди”
Олам
−
02 Февраль 2022
15852Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган “Толибон” ҳаракати январь ойи бошида Қозоғистондаги тартибсизликларда толиблар иштирок этгани ҳақидаги айбловларни рад этди. Бу ҳақда бугун, 2 февраль куни ўзининг Афғонистоннинг “Толибон” томонидан тузилган муваққат ҳукуматининг Ахборот ва маданият вазири ўринбосари Забиҳуллоҳ Мужоҳид маълум қилди.
“Қатор оммавий ахборот воситалари Россия расмийларига иқтибос келтирган ҳолда Қозоғистондаги тартибсизликларда афғонларнинг бир қисми ҳам қатнашгани ҳақида хабар тарқатмоқда. Биз бундай даъволарни қатъиян рад этамиз. Афғонистон Ислом Амирлиги ҳеч кимга Афғонистон ҳудудидан бошқа давлат зарарига фойдаланишга ёки бошқа давлатларнинг ишларига аралашишга рухсат бермайди ва йўл қўймайди. Бунга ҳеч қандай далил ҳам йўқ”, деган Мужоҳид.
Шу билан бирга, Мужоҳид “Толибон” бошиданоқ Қозоғистондаги муаммоларни оқилона ва тинч йўл билан ҳал қилишга чақирганини эслатиб, Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатларга ҳеч қандай таҳдид йўқлигини яна бир бор таъкидлаган.
10 январь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистондаги оммавий тартибсизликларда асосан Марказий Осиё давлатлари, жумладан Афғонистон, шунингдек, Яқин Шарқдан келган хорижий жангчилар иштирок этаётганини айтганди.
Аввалроқ, Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистон расмийларига мурожаат қилиб, тинч намойишчилар ва фаолларни таъқиб қилишни зудлик билан тўхтатиш, ҳамон ҳибсда сақланаётганларни озод этиш, калтаклаш ва шафқатсизликка чек қўйишни сўрагани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь