Human Rights Watch Қозоғистонга талаб қўйди
Олам
−
02 Февраль 2022
8685Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch кеча, 1 февраль куни Қозоғистон расмийларига мурожаат қилиб, тинч намойишчилар ва фаолларни таъқиб қилишни зудлик билан тўхтатиш, ҳамон ҳибсда сақланаётганларни озод этиш, калтаклаш ва шафқатсизликка чек қўйишни сўради. Бу ҳақда “Deutsche Welle” нашри хабар берди.
Баёнотда HRW Қозоғистонда ўнлаб тинч намойишчилар ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани ва уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлингани, электр токи билан қийноққа солингани ҳақида “ишончли хабарлар” олгани айтилган. Шунингдек, унда Қозоғистон ҳукумати жорий йил январь ойи бошидаги норозилик намойишлари ортидан адвокатларнинг маҳбуслар билан учрашишига тўсқинлик қилгани ҳам таъкидланган.
Айтиш жоизки, HRW Қозоғистон ҳукуматини инсон ҳуқуқларининг бузилиши, жумладан, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, шафқатсиз муомала, қийноқлар, ҳибсдаги ўлим ва ноқонуний қотиллик бўйича тезкор, мустақил ва самарали тергов ўтказишга чақирган. Шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг барча айбдорлари жавобгарликка тортилиши кераклиги ҳам таъкидланган. Бундан ташқари, HRW январь ойидаги намойишлар ва тартибсизликлар пайтида ҳибсга олинган одамларнинг аҳволини кузата оладиган ҳуқуқ ҳимоячиларининг мамлакатга киритишни талаб қилди.
“Қозоғистон раҳбарияти ҳуқуқбузарликларни зудлик билан тўхтатиши, ҳар бир маҳбуснинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши, уларни қийноққа солган ва калтаклаганларни жавобгарликка тортиши керак”, дейди HRW'нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хю Уильямсон.
Жорий йилнинг 20 январь куни Европа парламенти депутатлари ялпи мажлисда Қозоғистондаги сўнгги тартибсизликлар сабаб мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият бўйича резолюцияни қабул қилди. Кўпчилик томонидан маъқулланган резолюцияда Қозоғистондаги тартибсизликлар бўйича халқаро суриштирув ўтказиш ва Европа Иттифоқи режими остида инсон ҳуқуқларини жиддий равишда бузган қозоқ амалдорларига санкция жорий қилишга чақирилган.
Бунга жавобан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев январь ойи бошидаги тартибсизликлар бўйича халқаро тергов ўтказишни рад этди. Тўқаев Европарламентнинг 20 январдаги резолюциясини “нохолис ва муддатидан олдин” деб атади.