Қозоғистонда туғилиш рекорд даражада пасайди

Олам

image

Қозоғистонда туғилиш даражаси пасайишда давом этмоқда. 2026 йилнинг биринчи чорагида мамлакатда 74,1 минг нафар бола дунёга келган  ва бу сўнгги 20 йилдаги энг паст кўрсаткич. Бу ҳақда “Finprom.kz” хабар берди.

Қозоғистонда туғилиш даражаси пасайишда давом этмоқда. “Finprom.kz” маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-март ойларида мамлакатда 74,1 минг нафар бола туғилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,2 фоизга кам. Ушбу кўрсаткич сўнгги 20 йилдаги энг паст кўрсаткич бўлган. Таққослаш учун, 2021 йилнинг биринчи чорагида 100,5 минг нафар бола дунёга келган. Беш йил ичида янги туғилган чақалоқлар сони чоракдан кўпроққа камайган. Таҳлилчиларнинг айтишича, бундай тенденция фақат Қозоғистонгагина хос эмас.

“Янги туғилган чақалоқлар сонининг камайишини фақат Қозоғистоннинг ички муаммоси деб қарамаслик керак. Бу иккинчи демографик ўтиш билан боғлиқ бўлган янада кенгроқ глобал тренднинг бир қисмидир”, дейилади хабарда.

Пасайиш ҳам шаҳарларга, ҳам қишлоқларга таъсир кўрсатган. Шаҳар жойларда туғилганлар сони 2,3 фоизга, қишлоқ жойларда эса 7,2 фоизга камайган. Энг кўп бола Туркистон вилоятида туғилган – 10,4 минг. Кейинги ўринларни Олмаота (7,2 минг), Чимкент (6,3 минг), Олмаота вилояти ва Остона (6,2 мингдан) эгаллаган. Энг паст кўрсаткичлар Улитау (738 нафар бола), Шимолий Қозоғистон (1,1 минг) ва Шарқий Қозоғистон (1,6 минг) вилоятларида қайд этилган.

Туғилиш коэффициенти ҳам пасаймоқда. 2026 йилнинг биринчи чорагида у ҳар минг кишига 14,58 ни ташкил этган, ваҳоланки ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 15,39 га тенг бўлган. Энг юқори кўрсаткич Туркистон вилоятида, энг пасти эса Шимолий Қозоғистон вилоятида кузатилган.

“Агар ёш оилалар яшаш шароити ёмонлиги сабабли кўчиб кетаётган бўлса ёки фарзанд кўришни кейинга қолдираётган бўлса, бу аллақачон ҳудудий сиёсатнинг самарадорлиги масаласидир”, дейди таҳлилчилар.

Экспертларнинг фикрича, давлат ва ҳудудлар ижтимоий инфратузилмани режалаштириш ва ҳудудларни ривожлантиришда янги демографик вазиятни ҳисобга олишлари зарур.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилда Ўзбекистонда туғилиш ва никоҳлар сони камайгани ҳақида хабар берилган эди. Статистикага кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда 884 500 бола туғилган – бу 2024 йилга (926 400) нисбатан 5,3 фоизга кам. Бу пасайиш деярли барча ҳудудларда кузатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон туғилиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг