Қозоғистонда оиладаги зўравонлик учун жазо кучайтирилди
Олам
−
15 Апрель
1963Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини таъминлашга доир ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, қонун ҳужжатларида аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай тури учун жазо чоралари кучайтирилмоқда. Қонун билан қасддан соғлиққа енгил, ўрта ва оғир даражада шикаст етказиш, шунингдек, калтаклаш учун жиноий жавобгарликка тортиш каби нормалар, хусусан, жарималар, жамоат ишлари ва 50 суткагача қамоқ шаклидаги жазолар жорий этилмоқда.
Эндиликда 16 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан қотиллик, зўрлаш ёки жинсий тажовузда айбдор деб топилган шахслар енгилроқ жазо қўллаш ҳуқуқисиз умрбод озодликдан маҳрум қилинади. Вояга етмаганларни қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилганлик учун – 5 йилдан 10 йилгача, вояга етмаганларни ўғирлаганлик учун – 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Шунингдек, буллинг, кибербуллинг кабилар учун маъмурий жазо киритилди.
Бундан ташқари, қонунда оила масалалари, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича алоқа маркази фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш, келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича аниқ чора-тадбирлар тўғрисида маълумот беришни давлат органларига юклаш, оилавий зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатадиган оилаларни қўллаб-қувватлаш марказларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тартибга солиш кабилар белгилаб қўйилди.
Парламент қуйи палатаси 28 февралда қонунни қабул қилди, Сенат эса 11 апрелда қонунни маъқуллади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ноябрь ойида бир қатор қозоқ маҳаллий ОАВларида Остона шаҳридаги ресторанлардан бирида аёл калтакланиб, тез ёрдам келгунига қадар вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинчалик аёл собиқ вазир Куандик Бишимбаевнинг иккинчи хотини бўлгани ва уни Бишимбаев ўлдиргани айтилди. Шундан сўнг унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ишни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев шахсий назоратига олган.