Қозоғистонда инфекция сабаб 10 мингга яқин синф ёпилди
Олам
−
26 Ноябрь 2025 2709 1 дақиқа
Қозоғистонда вирусли инфекция (ОРВИ) кенг тарқалаётгани сабабли 9898 синф вақтинча масофавий таълимга ўтказилди. Бу 652 мактабдаги 190 минг 643 ўқувчини қамраб олади. Бу ҳақда мамлакат Санитария-эпидемиологик назорат қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, мактаблар бутунлай ёпилмаган, фақат алоҳида синфлар онлайн форматга ўтказилган. Қарор ҳудудий санитария шифокорлари ва таълим бошқармалари томонидан қабул қилинади, агар бир инфекцион даврда синфдаги болаларнинг камида 30 фоизи касалланган бўлса, унда ўша синф онлайн таълим шаклига ўтказилади.
Эпидемиологик мавсум бошидан деярли 2 миллион ОРВИ ҳолати қайд этилган, шундан 1200 дан ортиқ ҳолат лаборатория тасдиқланган Гонконг гриппи билан боғлиқ. Ушбу штаммнинг юқиш даражаси юқори ва у оғир кечади.
Маълумот учун, ОРВИ – бу нафас йўлларини зарарловчи турли вируслар сабаб бўлган кенг тарқалган юқумли касаллик. У одатда бурун оқиши, томоқ, йўтал, иситма, бош оғриғи, ҳолсизлик билан намоён бўлади. ОРВИ кўпинча ҳавода тарқалади, касал одам йўталган ёки аксирганида вирус зарралари атрофга тушади, шунингдек, қўл ва буюмлар орқали ҳам юқиши мумкин.
Касаллик, асосан, 7–10 кун ичида ўз-ўзидан тузалади, лекин иммунитети заиф одамлар, ёш болалар ва кекса ёшдагилар учун асоратлар, масалан, пневмония ёки бронхит, ривожланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда бир ҳафтада 183 минг киши ОРВИ билан касаллангани ҳақида хабар берилганди.