Қозоғистонда фуқаролар АЭС қуришга қарши чиқмоқда
Олам
−
07 Декабрь 2021
7633Қозоғистон аҳолиси мамлакатда атом электр станцияси қурилишини хоҳламаяпти. Шу сабабдан АЭС қуришга қарши овоз йиғиш мақсадида онлайн петиция эълон қилинди. Унинг муаллифлари фуқаролар ва атроф-муҳитга таҳдиддан қўрқиб, атом электр станциялари қурилишини тақиқлашни таклиф қилмоқда.
Бунинг ўрнига қозоғистонликлар бошқа хавфсизроқ турдаги электр станцияларини кўпайтиришни сўрамоқда. Қайд этиш керакки, Қозоғистонда “тинч атом” тарафдорлари ва мухолифлари ўртасидаги тортишувлар тинмаяпти.
“Қозоғистон ҳукуматига савол. Тинчлик даврида Арис ва Таразда икки марта ўқ-дорилар портлаши билан боғлиқ фавқулодда ҳодиса рўй бергандан кейин қандай қилиб АЭС қуриб, фуқаролар хавфсизлигини таъминламоқчисиз? Пойтахтга фейерверклар олиб келишда одамлар хавфсизлигини таъминлай олмаганлар, уларнинг трассада портлашига йўл қўйганлар қанақасига АЭС қуриб, фуқароларнинг хавфсизлигини кафолатлаши мумкин?
Нега бошқа хавфсиз турдаги электр станцияларини эмас, балки атом электр станциясини қуриш керак? Мурожаатга имзо чеккан биз барча ҳолатларни инобатга олиб, аҳоли хавфсизлигининг максимал кафолати бўлмагунча Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишини тақиқлашни талаб қиламиз! Агар электр қуввати тақчил бўлса, муқобил ва хавфсиз турдаги электр станцияларини қуринг!”, дейилади жамоавий мурожаатда.
Мурожаат муаллифларига кўра, Қозоғистонда махсус комиссия тузилган бўлиб, у бу масалани, жумладан, қурилиш вақти ва жойини ўрганмоқда. Мурожаатда шунингдек, республика Хитой билан электр энергиясини экспорт қилиш бўйича музокаралар олиб бораётгани иддао қилинган.
Ҳозиргача 650 киши онлайн петицияга имзо чеккан.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 1 сентябрь куни парламент мажлисининг очилишида халққа йўллаган мурожаатида ҳукумат ва “Самрук-Казина” давлат миллий фаровонлик жамғармасига мамлакатда атом энергетикасини ривожлантириш имкониятларини ўрганишни топширганди.
Шунингдек, ноябрь ойида молия сектори вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Тўқаев республика кучайиб бораётган электр тақчиллиги фонида АЭС қуриш зарурати бўйича якуний қарорга келиши ҳақида фикр билдирди.
Куни кеча Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев республикада атом электр станцияси қурилишини эълон қилди.
LiveБарчаси