Қозоғистон Ўзбекистон маҳсулотларига импорт чеклови киритадими?
Олам
−
23 Декабрь 2021
10489Қозоғистонга Ўзбекистон товарлари керак ва уларга нисбатан чеклов чоралари қўлланилмайди. Бу ҳақда LS нашрига Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги маълум қилган.
Таҳлилга кўра, Ўзбекистондан олиб келинаётган асосий маҳсулотлар сабзавот, мева заводлар учун хомашё ҳисобланади.
“Ушбу товарларга нисбатан ҳар қандай чора-тадбирларнинг киритилиши, биринчи навбатда, қозоғистонлик истеъмолчиларга салбий таъсир кўрсатади”, дейилган хабарда.
Мақолада Ўзбекистонда Қозоғистонга нисбатан бир қатор чекловлар амал қилгани ёки амал қилишда давом этаётгани айтилган.
“Ўзбекистон МДҲ давлатлари, шу жумладан Қозоғистон билан ўзаро савдода 1993 йилдан бошлаб товар келиб чиқиши қоидаларини қўллайди. Улар Қозоғистон экспортчилари томонидан товарларни етарли даражада қайта ишлаш учун янада қаттиқроқ ва баъзан имконсиз бўлган мезонларни назарда тутади”, дея тушунтирган LS.
Қўшимча қилинишича, 2009 йилги қоидалар товарларни етарли даражада қайта ишлаш учун янада мослашувчан ва одатда эришиш мумкин бўлган мезонларни санаб ўтади. Яна бир тўсиқ — дон ва уннинг Ўзбекистон бозорига ўз маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш туфайли тенгсиз киришидир.
Хабарда 2020 йил 1 январдан Ўзбекистонга дон етказиб беришда бож олинмаслиги, ун импорти учун бож ставкаси эса 10 фоизни ташкил этиши айтилган.
“Ҳозирда ун учун божхона тўловларини ундириш 2021 йил 31 декабргача тўхтатилди”, дейилган хабарда.
Таъкидланишича, Қозоғистон Ўзбекистон томонидан айрим чекловлардан халос бўлган.
“Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда импорт қилинадиган товарларга акциз солиғи қўлланилмаяпти. Уларнинг бекор қилингани савдо динамикасига ижобий таъсир кўрсатди. 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга импортга акциз солиғи солинадиган умумий қиймати 137 миллион доллар бўлган 87 та товар предмети экспорт қилинди. Яъни, Ўзбекистон томони импортга акциз солиғини бекор қилгандан сўнг, Қозоғистондан Ўзбекистонга акциз тўланадиган товарлар экспорти 72 фоизга ошган”, дейилади хабарда.
Савдо вазирлиги 2020 йилда Қозоғистондан Ўзбекистонга экспорт ҳажми 2,1 миллиард долларни ташкил этганини, бу 2019 йилга нисбатан 6,9 фоизга кўп эканини эслатган. Импорт эса 783,1 миллион долларни ташкил этиб, 44,8 фоизга камайган.
“Ўзбекистонга нохомашё товарлари экспортини ошириш салоҳияти 10 та тармоқда 473,2 миллион долларни ташкил этади: нефть-кимё — 154,7 миллион доллар, металлургия — 148,2 миллион доллар, озиқ-овқат — 88 миллион доллар, машинасозлик — 27,8 миллион доллар, кимё —26,3 миллион доллар, фармацевтика — 7,8 миллион доллар, қурилиш — 6,8 миллион доллар, транспорт — 6,2 миллион доллар, енгил саноат — 5,9 миллион доллар, ёғочни қайта ишлаш ва мебель — 1,6 миллион доллар", дейилган хабарда.