Қозоғистон “ўрта даромад тузоғи”га тушиб қолди – Тўқаев
Олам
−
04 Май 2611 2 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат “ўрта даромад тузоғи”га дуч келганини айтди. Бу ҳақда у бугун, 4 май куни Сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича кенгаш йиғилишида сўз очди.
Унинг сўзларига кўра, табиий ресурслар ва арзон ишчи кучи каби анъанавий иқтисодий ўсиш манбалари аста-секин тугаб бормоқда, янги ўсиш манбалари эса ҳали тўлиқ шаклланмаган. Шу сабабли у иқтисодий турғунликнинг олдини олиш учун рақамли иқтисодиётга ўтиш зарурлигини таъкидлаган.
“Экспертлар фикрига қўшилиш керак – Қозоғистон классик “ўрта даромад тузоғи”га тушиб қолди. Бу ҳолатда анъанавий ўсиш манбалари – ресурслар ва арзон ишчи кучи тугаш арафасида, янги манбалар эса ҳали тўлиқ шаклланмаган ва ишга тушмаган. Иқтисодий турғунликнинг олдини олиш учун рақамли иқтисодиётга ўтиш ва йирик платформавий ечимлар яратиш керак”, деган Тўқаев.
Давлат раҳбари ягона давлат маълумотлар тизимисиз сунъий интеллект самарали ишлай олмаслигини таъкидлаган.
“Шу сабабли давлат хизматларини ортиқча бюрократияни йўқ қиладиган, кўринмас лекин жуда самарали операцион тизимга айлантириш керак. Ҳозирги тизимда ариза беришдан қарор қабул қилишгача бўлган жараён бир неча кун ёки ҳафталарни олади. Идеал ҳолатда бу жараён бир неча сонияга тушиши керак, бу эса бутун мамлакат бўйича иқтисодий айланишни кескин тезлаштиради”, деган у.
Тўқаев, шунингдек, жаҳон лабораториялари маълумотларига кўра, ривожланган ва ривожланаётган давлатлар ўртасидаги фарқ тез кенгаяётганини таъкидлаган.
“Сунъий интеллект капитал ва технологияларни дунёнинг етакчи давлатлари қўлига жамлаяпти ва бу “технологик тафовут”ни кучайтирмоқда. Буни фақат вақтида ва қатъий тартибга солиш орқали бартараф этиш мумкин. Қозоғистон учун бу муҳим сигнал. Биз вазиятни чуқур ўрганиб, реал интеллектуал ечимлар ишлаб чиқиш имкониятларимизни аниқлашимиз керак”, деган Президент.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилда Қозоғистонда янги форматдаги технологик олийгоҳ – Сунъий интеллект университети очилиши хабар қилинганди.
Live
Барчаси