Қозоғистон туризм соҳасида Ўзбекистондан ўзиб кетди

Жамият

image

2025 йил якунларига кўра, Қозоғистон Марказий Осиёда туризмнинг иқтисодиётга қўшган умумий ҳиссаси бўйича биринчи ўринга чиқиб, илк бор Ўзбекистонни ортда қолдирди. Бу ҳақда World Travel & Tourism Council (WTTC) ҳисоботида қайд этилди.

WTTC маълумотларига кўра, 2025 йилда Қозоғистонда туризмнинг ялпи ички маҳсулотга қўшган ҳиссаси 9,3 миллиард долларни ташкил этган. Бу Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, бир йил ичида 16,2 фоизга ўсган.

Ўзбекистонда эса туризмнинг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси 8,3 миллиард долларни ташкил қилган. Шу билан бирга, тармоқнинг иқтисодиётдаги улуши бўйича Ўзбекистон ҳали ҳам минтақада етакчи ҳисобланади. 2025 йилда туризм мамлакат ЯИМининг 6 фоизини ташкил этган бўлса, Қозоғистонда бу кўрсаткич 3,2 фоизни ташкил қилди.

Ҳисоботда қайд этилишича, сўнгги йилларда Қозоғистон туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва соҳага инвестицияларни кўпайтириш ҳисобига ўз позицияларини сезиларли даражада мустаҳкамлади. Шунингдек, мамлакат халқаро туризм рейтингларида ҳам юқорилаб, 2025 йилда U.S. News & World Report'нинг “Туризм ва маданият” рейтингида Ўзбекистондан етти поғона юқори ўринни эгаллаган.

WTTC прогнозларига кўра, 2026 йилда Қозоғистонда туризмнинг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси қарийб 13 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу Ўзбекистон учун прогноз қилинган 3,6 фоизлик ўсишдан юқори ҳисобланади.

Ҳисоботга кўра, умумий Марказий Осиёда 2025 йил давомида туризмнинг ялпи ички маҳсулотга қўшган ҳиссаси 17,7 фоизга, хорижий сайёҳлар харажатлари эса 26,4 фоизга ошган. Таққослаш учун, ушбу кўрсаткич Шимоли-Шарқий Осиёда 8,7 фоизга, Жануби-Шарқий Осиёда эса 7,6 фоизга ўсган.

Эслатиб ўтамиз, 31 июль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Чўлпонота шаҳрида ўттган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий маслаҳат учрашувида Марказий Осиё мамлакатлари орасида умумий амал қилувчи ягона туристик виза ташкил этилиши мумкинлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг