Марказий Осиёда умумий “Шенген” визаси ташкил этилиши мумкин
World
−
01 August 6773 2 minutes
Марказий Осиё мамлакатлари орасида умумий амал қилувчи ягона туристик виза ташкил этилиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 31 июль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Чўлпонота шаҳрида ўтаётган Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий маслаҳат учрашувида маълум қилди.
Қирғизистон етакчисининг қайд этишича, Қозоғистон ва Ўзбекистон томонлари Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб саёҳат қилмоқчи бўлган хорижликлар учун ягона туристик визани жорий этиш бўйича Қирғизистон ташаббусини қўллаб-қувватлаган.
Шунингдек, Садир Жапаров ўз нутқида мазкур ташаббусни минтақадаги барча мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланишига умид билдирган. Борди-ю, бу ташаббус қўллаб-қувватланса ва ишга тушса, хорижий туристлар биргина виза билан (худди, Европа “Шенген” визаси каби) бутун Марказий Осиё ҳудуди бўйлаб ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракатланиши мумкин бўлади.
Маълумот учун, 30 июлдан 1 августга қадар давом этаётган норасмий маслаҳат учрашувида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Учрашувда савдо, энергетика, туризм, транспорт йўлаклари, маданий-гуманитар ҳамкорлик, шунингдек, минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Садир Жапаров 2025 йил март ойида Марказий Осиё давлатларига ўзаро визасиз режим жорий этиш ва хорижий сайёҳлар учун Шенген визасига ўхшаш ягона туристик визани яратиш ташаббуси билан чиққан эди.
Live
All