Жапаров Марказий Осиё учун ягона виза жорий этишни таклиф қилди
Олам
−
13 Март
5126Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Марказий Осиёда Шенген визасига ўхшаш ягона виза жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Тожикистон билан давлат чегараси бўйича имзоланган шартномага изоҳ берар экан ёзиб қолдирди.
Садир Жапаровга кўра, Марказий Осиё давлатлари хорижликлар учун ягона виза тизимини жорий этиш жараёнини бошлаши лозим.
“Минтақадаги барча давлатлар ўзаро чегаралар билан боғлиқ масалаларни якуний ҳал қилди. Энди Марказий Осиё давлатлари ўзаро визасиз режимни жорий этиш жараёнини бошлаши ва бошқа давлатлардан келадиган меҳмонлар учун барча минтақа давлатлари бўйлаб эркин ҳаракатланишга имкон берадиган ягона виза тизимини ишлаб чиқиши лозим. Бу Шенген визасига ўхшаш бўлиши мумкин”, деб ёзди Жапаров.
Унинг сўзларига кўра, имзоланган келишув 19 март куни парламентга ратификация учун тақдим этилади. Жараёнга салбий таъсир кўрсатмаслик учун ратификациядан олдин ҳужжатнинг кўплаб тафсилотлари ошкор қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон ва Тожикистон Президентлари – Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон Бишкекда давлат ташрифи доирасида ўзаро чегара шартномасини имзолади ва чегара ўтиш пунктларининг очилиш маросимида иштирок этди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 1006,84 километрни ташкил қилади.