Нуқта қўйилди! Тожикистон ва Қирғизистон чегараси очилди
Олам
−
13 Март
6464Бугун, 13 март куни Тожикистон ва Қирғизистон Президентлари Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров Қирғизистон Республикаси ҳамда Тожикистон Республикаси ўртасида Давлат чегараси тўғрисидаги шартномани имзолади. Ушбу тарихий воқеа Бишкекда, Имомали Раҳмоннинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида содир бўлди. Бу ҳақда Тожикистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужжат Қирғизистоннинг “Бирдамлик маркази” давлат қароргоҳида Тожикистон Президентининг Қирғизистон пойтахтига давлат ташрифи доирасида тантанали тарзда имзоланган.
“Бугун биз мамлакатларимиз ўртасидаги чегара масалалари бўйича тарихий қарорни қабул қилмоқдамиз”, деди Имомали Раҳмон музокаралар аввалида.
Унинг таъкидлашича, мазкур шартнома давлатлараро муносабатларни янада кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратади.
“Бугун имзоланган салмоқли ҳужжатлар тўплами тожик-қирғиз муносабатларида янги саҳифа очади”, деб қўшимча қилди Тожикистон Президенти.
Ўз навбатида, Садир Жапаров Тожикистон-Қирғизистон чегарасининг делимитацияси ва демаркацияси бўйича ҳукумат комиссияларининг самарали фаолиятини алоҳида таъкидлаган.
Шунингдек, бугун Президентлар онлайн режимда “Қизил-Бел – автомобиль йўли” ва “Қайрағач – автомобиль йўли” назорат-ўтказиш пунктларининг очилишида иштирок этган. Икки мамлакат чегараси 2021 йил май ойида қуролли тўқнашув оқибатида ёпилган эди.
Садир Жапаров чегарадош ҳудудлар учун янги имкониятлар яратиш муҳимлигини таъкидлаган. Хусусан, у 31 март куни Хўжандда ўтказиладиган Наврўз байрамининг аҳамиятига эътибор қаратган. Унинг сўзларига кўра, ушбу тадбир Марказий Осиё халқлари ўртасидаги дўстлик ва бирдамлик рамзи бўлади ҳамда қўшни давлатлар ўртасидаги яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Жапаров икки томонлама муносабатларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш асосий устувор йўналишлардан бири бўлиб қолишини таъкидлаган. Президент чегара масалаларининг муваффақиятли ҳал этилиши савдо ҳажмини ошириш ва иқтисодий ўсиш учун янги имкониятлар яратишига ишонч билдирган.
Имомали Раҳмон унинг фикрларини қўллаб-қувватлаб, имзоланган чегаравий шартнома икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун ишончли асос яратишини қўшимча қилди. У ушбу қадам тарихий аҳамиятга эга эканини, у тожик-қирғиз муносабатларида янги саҳифа очишини ва хавфсизлик, барқарорлик ҳамда минтақанинг барқарор ривожланишига хизмат қилишини таъкидлаган.
Тожикистон раҳбари яқин кунларда Хўжандда Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси бўйича келишув имзоланиши режалаштирилганини ҳам маълум қилган.
Маълумот учун, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегараси узунлиги тахминан 980 километрни ташкил этади. Чегарани делимитация қилиш бўйича музокаралар 2002 йил декабрь ойидан буён давом этмоқда. Ушбу масаланинг ҳал этилмагани икки давлат аҳолиси ва ҳарбийлари иштирокидаги можароларга сабаб бўлиб келган, уларда ўқотар қуроллар ҳам ишлатилган. Сўнгги жиддий тўқнашув 2022 йил кузида содир бўлган. 2014 йилдан бери Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 10 дан ортиқ йирик можаро кузатилган. Қирғизистон Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош. Тожикистон эса, шу кунга қадар, Қирғизистон билан барча чегара масалаларини ҳал қила олмаган сўнгги қўшни давлат эди.
Эслатиб ўтамиз, бунга қадар, 21 февраль куни Бишкекда Тожикистон ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмиталари раҳбарлари Саймўмин Ятимов ва Қамчибек Ташиев икки давлат чегараларини ажратиш бўйича келишувни имзолаган эди.
LiveБарчаси