Қозоғистон фаластинликларга ёрдам учун 1 млн доллар ажратади
Олам
−
03 Ноябрь 2023
2791Қозоғистон ҳукумати Фаластин халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 1 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда бугун, 3 ноябрь куни Остонада бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида республика Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маълум қилди.
"Тезкор вазифа воситачилик ролини оширишдан иборат. Ҳозир атрофимизда мураккаб вазият юзага келмоқда. Шимолда Россия ва Украина ўртасида, Яқин Шарқда Исроил ва Фаластин ўртасида зиддият давом этмоқда. Афғонистонда беқарорлик ҳукм сурмоқда. Ғарбда ноқонуний миграция муаммоси оғирлашмоқда. Бугунги кунда Ғазо секторида тинч аҳоли, айниқса, болалар ва қариялар қарама-қаршиликлари қурбонига айланмоқда. Асосий вазифа уларнинг хавфсизлигини таъминлашдир. Шу муносабат билан мен Фаластин халқига 1 млн АҚШ доллари миқдорида гуманитар ёрдам кўрсатишга қарор қилдим”, деган Қозоғистон раҳбари.
Унинг таъкидлашича, ўнлаб йиллар давомида ҳал этилмаган долзарб муаммоларни зўравонлик ва террористик ҳаракатлар орқали ҳал этишни мутлақо қабул қилиб бўлмайди.
"Қозоғистон бундай усулларни кескин қоралайди. Вазиятнинг кескинлашуви жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу муносабат билан биз ҳар қандай низоларни фақат тинч музокаралар ва дипломатик мулоқотлар йўли билан ҳал қилишга чақирамиз. Биз учун барча давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш ва уларнинг ички ишларига аралашмаслик асосий устувор вазифалардир. БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини қатъий амалга ошириш, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш муҳим”, деган Тўқаев.
Унинг сўзларига кўра, туркий давлатларнинг хавф ва таҳдидларга қарши курашишда бирлашиши, ўзаро ёрдам кўрсатиши ва биргаликда самарали чоралар кўриши ҳар қачонгидан ҳам аҳамиятли.
“Саммит якунлари бўйича муҳим қарорлар қабул қилиниши, қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган .Бу чора-тадбирларнинг барчаси туркий дунёнинг янада гуллаб-яшнаши, мамлакатларимиз бирлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Ишончим комилки, улар минтақада ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшиш ва ташкилот нуфузини янада оширишдаги ишларимизни янада ривожлантиришга хизмат қилади”, дея қўшимча қилган Қозоғистон Президенти.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Фаластин халқи томонида эканини айтганди. 1 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига гуманитар ёрдам ажратиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра ёрдам учун 1,5 миллион АҚШ доллари ажратилиши белгиланди.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь