Қозоғистон Эрон уранини қабул қилиши мумкин
Олам
−
30 Май 3202 2 дақиқа
Қозоғистон Эрон ядро дастури бўйича АҚШ ва Эрон ўртасида келишувга эришилган тақдирда, Эроннинг уран захираларини қабул қилишга тайёрлигини билдирган. Бу ҳақда Халқаро атом энергияси агентлиги бош директори Рафаэль Гросси “Financial Times” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Гроссининг айтишича, бундай тайёрлик унинг шу ҳафта Қозоғистон раҳбарияти билан учрашуви чоғида билдирилган.
Қозоғистоннинг Ўскемен шаҳрида Халқаро атом энергияси агентлиги назорати остидаги паст бойитилган уран банки жойлашган. Ушбу захира агентликка аъзо давлатлар учун фавқулодда ҳолатлар учун яратилган.
“Уранни хавфсиз сақлаш мумкин бўлган жой мавжуд”, деган Гросси.
Унинг фикрича, бу вариант ҳам АҚШ, ҳам Эрон учун мақбул бўлиши мумкин.
Нашр маълумотига кўра, Эроннинг бойитилган урани тақдири Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларнинг энг мураккаб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда.
Тахминларга кўра, 2025 йил июнь ойида АҚШ зарбаларидан кейин Натанз ядровий иншооти, Фордов ёқилғисини бойитиш заводи ва Исфаҳондаги ядро объектлари вайроналари остида 60 фоизгача бойитилган қарийб 440 килограмм уран қолган.
Теҳрон эса ҳозирча уран захираларини чет давлатга топшириш ниятида эмаслигини маълум қилган. Бироқ манбаларга кўра, эҳтимолий келишув доирасида уранни суюлтириш ёки учинчи давлатга кўчириш масаласи муҳокама қилиниши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан эҳтимолий келишув қандай шартлар асосида тузилиши мумкинлигини маълум қилганди.
Трамп илгари сурган асосий талаблар:
- Эрон ядро қуролига эга бўлмаслигини расман тасдиқлаши керак;
- Ҳормуз бўғозидаги барча денгиз миналари бартараф этилиши лозим;
- Бўғозда қолиб кетган кемалар эркин ҳаракатлана олиши керак;
- Эроннинг бойитилган урани АҚШ, Эрон ҳукумати ва Халқаро атом энергияси агентлиги ҳамкорлигида олиб чиқилиб, йўқ қилиниши керак;
- Алоҳида қарор қабул қилинмагунча томонлар ўртасида пул алмашинуви амалга оширилмайди.
Live
Барчаси