Қозоғистон Embraer 190 “қора қути”си маълумотларини Россия ва Озарбайжонга топширди

Олам

image

Қозоғистон Озарбайжон авиакомпаниясига тегишли Embraer 190 самолёти ҳалокати бўйича "қора қути" маълумотларини декодлашни тугатиб, уларни Россия ва Озарбайжонга тақдим этди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазир ўринбосари, авиация ҳалокатини ўрганиш комиссияси раҳбари Қанат Бозумбаев маълум қилди.

“Қора қути"лар декодланди ва Қозоғистонга қайтарилди. Улар Бош прокуратура ҳузуридаги тергов гуруҳи тасарруфида. Бу маълумот устида барча экспертлар ишламоқда. Ҳозирда "қора қути"лар нусхалари Озарбайжон ва Россия томонларида мавжуд. Бизда яширадиган ҳеч нарса йўқ”, деди Бозумбаев.

Унинг сўзларига кўра, интернетда тарқалган "қора қути" маълумотлари мазмуни асл нусхадан фарқ қилади. Бозумбаевнинг қўшимча қилишича, самолёт ҳалокати бўйича дастлабки ҳисобот келаси ҳафта эълон қилиниши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида ҳалокатга учраган Embraer 190 самолёти учувчилари ўртасидаги суҳбатларнинг тўлиқ стенограммаси рус ОАВлари, хусусан, “Baza“ Telegram каналида эълон қилинганди. Бироқ Қозоғистон Транспорт вазирлиги эса интернетда пайдо бўлган суҳбатлар стенограммасига изоҳ бермаслигини билдирди.

Embraer 190 самолётининг қулаши

25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди. 

Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.

Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди. АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.

Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Кейинчалик Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Президенти Владимир Путин  Озарбайжон етакчисидан 2 марта кечирим сўраганини маълум қилди.   
Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистон Озарбайжон Embraer 190

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг