Қозоғистон BRICS’га ариза топширишдан ўзини тияди
Олам
−
16 Октябрь
5832Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев BRICS’га қўшилиш бўйича таклифлар олди. Бу ҳақда Президентнинг маслаҳатчиси ва матбуот котиби Берик Уали “Tengrinews” ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Қозоғистон BRICS эволюциясини қизиқиш билан кузатмоқда ва ташкилотнинг таъсисчи давлатлари раҳбарларининг ҳар қандай қудратли давлатлар гегемонлигидан холи, адолатли, демократик дунё тартибини барпо этиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш ҳақидаги чақириқларини қўллаб-қувватлайди”, деди Уали.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон халқаро ҳамжамиятнинг масъулиятли ва обрўли аъзоси сифатида тан олинганлиги сабабли, Президент Қозоғистоннинг BRICS’га қўшилиши бўйича таклифлар олган.
“Ушбу таклифлар давлат раҳбари томонидан диққат билан кўриб чиқилиб, унинг топшириғига кўра тегишли идоралар томонидан Қозоғистон миллий манфаатлари нуқтаи назаридан таҳлил қилинмоқда”, дейди матбуот котиби.
Унинг айтишича, ҳозирда ва, эҳтимол, яқин келажакда Қозоғистон аъзолик масаласини кўриб чиқишнинг кўп босқичли жараёни, шунингдек, ушбу ассоциациянинг ривожланиш истиқболлари билан боғлиқ бошқа фикрларни ҳисобга олган ҳолда BRICS’га ариза беришдан бош тортади.
Матбуот котиби, шунингдек, Қозоғистон Президентининг дастурига 23-24 октябрь кунлари Қозонда бўлиб ўтадиган BRICS саммитида қатнашиш ҳам киритилганини айтди.
“У 24 октябрь куни ташкилотнинг кенгайтирилган йиғилишида маъруза қилишни режалаштирмоқда”, деди у.
Қозоғистон учун устувор ташкилот ҳақида гапирар экан, Уали “Президент БМТни универсал ва баҳссиз ташкилот сифатида бир неча бор таъкидлади, унда барча долзарб халқаро муаммолар, жумладан, адолатли дунё тартиби қуриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниши мумкин ва керак."
“Президентнинг сўзларига кўра, БМТ камчиликлардан холи эмас, лекин бошқа бундай ташкилот йўқ, шунинг учун у жаҳон ҳамжамиятининг қўллаб-қувватлашига муҳтож. БМТ Низоми эса халқаро ҳуқуқнинг асоси бўлиб хизмат қилиши керак, бу асосий ҳужжатда белгиланган тамойилларни ҳеч ким бузишга ҳақли эмас. Президент аллақачон БМТ Хавфсизлик Кенгаши муҳим ва тақдирий қарорлар қабул қила олмаганидан афсусда эканини билдирди. Шунинг учун у БМТ Хавфсизлик Кенгашида “ўрта кучлар” манфаатларини ҳисобга олган ҳолда БМТга аъзо давлатларнинг кенг кўламли маслаҳатлашувлари асосида ислоҳотни бошлаш зарур деб ҳисоблайди”, дея қўшимча қилди матбуот котиби.
LiveБарчаси