Қорақалпоғистонга самолётда олиб келинадиган наслли буқалар учун субсидия берилади
Local
−
12:09 656 2 minutes
Қорақалпоғистон Республикасининг 20 минг гектар яйлов ерларида Миср тажрибаси йўлга қўйилади. Бу ҳақда бугун, 19 сентябрь куни Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда сўз борди.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистонда 4 миллион 300 минг гектар яйлов ери бор. Шундан 2,5 миллион гектаридан аҳоли даромадини ошириш ва чорвани кўпайтириш учун етарлича фойдаланилмаяпти.
“Беруний Агростар” Қўнғирот, Беруний ва Чимбойда айланмадан чиққан 2 минг гектар ерни тиклаб, озуқа етиштиришга мослаштирмоқда. Келаси йили яна 5 минг гектар ўзлаштирилади. Бу 14 минг бош қорамол учун озуқа базаси бўлади.
Бўзатовда ҳам 7,5 минг гектар ерни озуқага мослаштиришга 100 миллиард сўм ажратилади. Озуқа етиштиришга ҳар гектар учун 500 минг сўм субсидия бериш бўйича ўн кунда қарор киритиш топширилган.
Миср тажрибасини ўрганиш учун 200 дан зиёд фермер, жумладан, қорақалпоғистонлик 26 нафар фермер ушбу давлатга юборилган. Дастлабки босқичда Қорақалпоғистоннинг 20 минг гектар майдонида Миср тажрибаси йўлга қўйилади.
Чўл ҳудудларида озуқа етиштиришни кўпайтириш учун Мисрдан мутахассислар ва технологиялар жалб этилади. Чорвачилик учун Осиё тараққиёт банкидан олинаётган 60 миллион доллар кредит ва 8 миллион доллар грант биринчи навбатда шу лойиҳага йўналтирилади.
Чорвачиликда йирик комплекслар ташкил этиш учун қўшимча имкониятлар яратилади. Май ойида чорва бош сонини кўпайтиришга 1 триллион 600 миллиард сўм ресурс ажратилган. Амалда 5 миллиард сўмгача бўлган лойиҳаларга ўн йилга 10 фоизли кредит берилмоқда.
Қорақалпоғистонлик чорвадорларнинг 1-2 минг бошли комплекслар ташкил этиш учун кредит миқдорини 50 миллиард сўмгача ошириш таклифи қўллаб-қувватланган.
Берунийлик чорвадорлар самолётда қорамол ташиш компенсациясининг шартлари енгиллаштирилса, 5 минг бош чорва олиб келишга тайёрлигини билдирган. Энди Қорақалпоғистонга самолётда олиб келинадиган наслли буқалар қийматининг 10 фоизи, ҳар бир бош учун 4 миллион сўмгача субсидия қилинади.
Бир ойда жойи, ташаббускори ва маблағи аниқ бўлган камида 100 минг бошли чорва комплексларининг лойиҳалари шакллантирилади. Қорамол хариди учун кредит ажратиш тартиби енгиллаштирилиб, маблағлар туман штаби хулосаси асосида берилади.