Қорақалпоғистон воқеалари бўйича мустақил текширув ўтказувчи комиссия тузилди

Жамият

image

Жорий йилнинг 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлган воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма мажлисида қарор қабул қилинди. 

Қўшма мажлис бугун, 15 июль куни Сенатда бўлиб ўтган. Унда Сенат раиси Танзила Норбоева, Парламент қуйи палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, Қонституциявий комиссия раиси Акмал Саидов, комиссия раиси ўринбосари Алишер Қодиров, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, сенаторлар ва депутатлар иштирок этган. 

Қўшма мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласига доир мурожаати кўриб чиқилган.

Мажлисда Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг жорий йилнинг июль ойида Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузиш тўғрисидаги қўшма қарори қабул қилинган.

Мазкур қарор билан Комиссия таркиби ва Комиссия тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланган. 

Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси вакиллари ва халқ депутатлари, нодавлат нотижорат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимлари киритилган, бироқ улар кимлиги маълум қилинмаган. 

Комиссияга раҳбарлик қилиш Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова зиммасига юклатилди.

Қайд этилишича, ўтказилган текширув натижалари эълон қилинади ва Ўзбекистон жамоатчилиги ва жаҳон ҳамжамиятига етказилади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат департаменти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Европа Иттифоқи Ўзбекистон Ҳукуматни фундаментал ҳуқуқларни, жумладан тинч йиғилиш ва фикр билдириш эркинлигини ҳимоя ва ҳурмат қилишга, Қорақалпоғистон воқеаларини мустақил ва шаффоф тергов қилишга чақирган эди. 

“Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича расмийларни халқаро нормалар ва илғор тажрибалар асосида тўлиқ, ишончли ва шаффоф тергов ўтказишга чақирамиз”, дейилганди АҚШ давлат департаменти баёнотида

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса намойишчиларнинг ўлимига сабаб бўлган хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини зудлик билан текширишга чақирди. Ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет 500 дан ортиқ кишининг ҳибсга олиниши, шунингдек, маҳбуслардан бирига нисбатан 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланишидан хавотир билдирди.

Юқоридаги каби талаблар келтирилган баёнотлар ортидан, Президент Шавкат Мирзиёев 6 июль куни умуман бошқа мавзуда ўтказилган видеоселектор йиғилиши аввалида Қорақалпоғистондаги воқеаларга тўхталиб, бўлиб ўтган воқеаларни ҳар томонлама чуқур ва холисона тергов қилиш учун жараёнга холис томонларни, яъни, жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаолларни ҳам жалб қилиш зарурлигини айтди. 

Бош прокурорга ҳар бир ҳолат чуқур ва холисона ўрганилиши ва воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо берилиши бўйича топшириқ берди. Шунингдек, куч тузилмаларнинг ҳаракатларини ҳам таҳлил қилиш кераклигини буюрди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қорақалпоғистон воқеалари

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг