Қорабоғда яна отишма. Озарбайжон Россия қўриқлаётган ҳудуддан нишонга олиняпти
Олам
−
13 Август 2022
6034Бугун, 13 август куни Озарбайжон Республикаси Қуролли кучларининг Арманистон билан чегарадаги ва Қорабоғдаги позициялари ўққа тутилди. Бу ҳақда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хабар берди.
“Сўнгги 24 соат ичида арман қуролли бўлинмалари Озарбайжон армиясининг позицияларини жами саккиз марта ўққа тутди”, дейилади хабарда.
Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, Озарбайжон-Арманистон давлат чегарасининг Басаркечар, Чямбаряк, Товузгала ва Горис вилоятлари йўналишидаги позицияларидан Озарбайжон армиясининг Калбажар, Гедабек, Товуз ва Лочин вилоятларидаги позициялари турли калибрли ўқотар қуроллардан етти марта ўққа тутилган.
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, яна бир ҳодиса Россия тинчликпарвар кучлари вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудидаги ноқонуний арман қуролли тузилмалари аъзолари Келбажар вилояти йўналишида жойлашган Озарбайжон армиясининг позицияларини ўққа тутиши билан боғлиқ.
“Озарбайжон армиясининг шахсий таркиби ва техникаси орасида йўқотишлар йўқ”, дейилади вазирлик хабарида.
Мудофаа вазирлиги барча ҳолатларда Озарбайжон кучлари бўлинмалари “адекват жавоб чораларини” кўрганини таъкидлади. Воқеа ҳақида Россия тинчликпарвар контингенти қўмондонлиги ва Россия-Туркия қўшма мониторинг марказига маълумот берилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 август куни расмий Баку Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудидаги ноқонуний арман қуролли тузилмалари аъзолари Озарбайжон армиясининг Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига кучли ўт очгани, оқибатда қурбон берилгани, 14 киши жароҳатлангани ҳақида маълумот берган эди.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги “Қасос” амалиёти ўтказилганини маълум қилди. Амалиёт бошланишига Лочин вилояти йўналишидаги позицияларига арман қуролли тузилмалари ўт очгани сабаб бўлган. Ҳужум оқибатида бир нафар ҳарбий қурбон бўлган.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси