Қорабоғ тўқнашуви: Озарбайжон ва Арманистон ўт очишни тўхтатишга келишди

Олам

image

Аввалроқ, Москвада Озарбайжон, Арманистон ва Россия ўртасида Тоғри Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича музокара ўтказилиши ҳақида хабар берган эдик.

Уч томонлама музокара натижасида ўзаро ўт очишни тўхтатишга келишилди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

“Россия Президенти Владимир Путиннинг мурожаати жавобан ва Президент Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасидаги келишувга кўра қуйидагилар қадамлар қабул қилинди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Жумладан:

1. Ҳарбий асирларни ва ушлаб турилган бошқа шахсларни ҳамда ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмаштириш ва Халқаро қизил хоч мезонларига мувофиқ гуманитар мақсадларда 2020 йил 10 октябрь соат 12:00дан бошлаб ўт очишни тўхтатиш эълон қилинади;

2. Ўт очишни тўхтатиш тартибининг ўзига хос параметрлари қўшимча равишда келишилади;

3. Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси ЕХҲТ Минск гуруҳи ҳамраислари воситачилигида, келишувнинг асосий тамойиллари асосида, иложи борича тезроқ тинч йўл билан келишувга эришиш мақсадида музокараларни бошлайди;

4. Томонлар музокара жараёни шаклининг ўзгармаслигини тасдиқлайдилар.

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади

Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди

Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар


Мақола муаллифи

Теглар

Қорабоғ тўқнашуви

Баҳолаганлар

248

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг