Қорабоғ тўқнашуви: Алиев ва Пашинян Москвада учрашишга тайёрлигини билдирди
Олам
−
20 Октябрь 2020
6730Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғ бўйича музокаралар ўтказиш учун Москвага келишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Тоғли Қорабоғ можароси фақатгина тинч йўл билан ечимини топиши керак, бу бизнинг позициямиз. Афсуски, Озарбайжон бу фикрга қўшилмаяпти. Мен бундай натижага эришиш учун барча керакли ишларни қилишга тайёрман, жумладан, бориб учрашиб, музокара ўтказишга ҳам”, деган Арманистон Бош вазири нашрнинг Москвага келиб Алиев билан учрашиш ҳақидаги саволига жавобан.
Шу билан бирга Пашинян Тоғли Қорабоғ муаммоси ечими ўзаро муросага асосланиши кераклигини таъкидламоқда.
“Агар бошқа томон тайёр бўлмаса, биз халқимиз ва Тоғли Қорабоғдаги ватандошларимиз ҳуқуқи учун охиригача курашишга тайёрмиз. Ўйлашимча, Армнистон Ҳукумати, Арманистон халқи, арман диаспорасининг позициячи ҳалол ва конструктив позиция”, деган Пашинян.
Алиев расмий Баку вакиллари ҳам Москвада Арманистон томони билан музокара ўтказишга тайёрлигини билдирди.
“Биз қарама-қаршиликка барҳам бериш ва барқарорлашув йўлини топиш учун Москвада ва бошқа исталган жойда учрашишга доим тайёрмиз”, деган у.
Озарбайжон раҳбари Баку ҳар қандай мулоқотга тайёрлигини билдирган.
“Айни ҳолатда мен бундай таклифнома олмадим, шунинг учун бу саволлар менга эмас. Шахсан Россия Президенти Владимир Путин ва унгача Дмитрий Медведев Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари билан уч томонлама учрашувлар ўтказди. Аммо Арманистон Ҳукумати шартли “Сорос” қўлига ўтгач, мулоқот тўхтади”, дея изоҳ берган Алиев.
Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасида кескинлик авж олгандан кейин Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни музокаралар столига қайтишга чақирган эди. Президент Владимир Путин эса Никол Пашинян билан мулоқот қилиб, масалани тинч йўл билан ҳал этишни тавсия қилди. Бу орада Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев асосий куч ва дастакни Туркия Республикасидан олаётгани маълум бўлди. Шу куни Туркия ва Озарбайжон Президентлари телефон орқали мулоқот қилдилар ва Эрдўған турк халқи ва давлати Озарбайжонни бор имконияти билан қўллаб-қувватлашини эслатди.
Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ можароли зонасидаги вазият кўп жиҳатдан Россияга боғлиқ. Россия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси, шунингдек Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Минск гуруҳининг ҳамраиси. 1 октябрь куни гуруҳ ҳамраислари – АҚШ, Россия ва Франция Тоғли Қорабоғ масаласида қўшма баёнот эълон қилдилар.