Қоплон уйга кириб, бир оиланинг олти аъзосига ҳужум қилди
World
−
08:53 3896 2 minutes
Ҳиндистоннинг Махасамут туманида қоплон уйга кириб, бир оиланинг 6 нафар аъзосига ҳужум қилди. Улардан 3 нафари оғир жароҳатланди. Бу ҳақда “The Times of India” хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа 4 октябрга ўтар кечаси соат 01:30 ларда Багбахара ўрмон ҳудудига қарашли Жхитки қишлоғида содир бўлган. Қоплон 55 ёшли Уттарибай Ядав ҳожатхонага чиқиш учун уйдан ташқарига чиққан пайтда унга ташланган. Аёлнинг қичқириғини эшитган оила аъзолари ёрдамга югуриб чиққан, бироқ қоплон уйга кириб, уларга бирин-кетин ҳужум қилган.
Ҳужум оқибатида Саржу Ядав (60 ёш), Уттарибай Ядав, Жанакрам Ядав, Маниш Ядав (18 ёш), Тушар Ядав (15 ёш) ва Сунита Ядав (32 ёш) жароҳатланган. Улардан уч нафари оғир аҳволда бўлгани учун Райпур шаҳрига юборилган.
Ваҳима пайтида оила аъзолари уйдан чиқиб, қоплонни хоналардан бирига қамаб қўйишга муваффақ бўлган. Шундан сўнг полиция ва ўрмон ходимлари уй атрофини ўраб олган. Нава Райпурдаги “Jungle Safari“ боғидан 10 кишилик қутқарув гуруҳи воқеа жойига етиб келиб, қоплонни тутиш ишларини бошлаган.
Мутахассислар уйнинг тузилиши ва қоплоннинг жойлашувини ўрганиб, бир неча соатлик операциядан сўнг ҳайвонни қафасга туширган. Мутасаддилар қоплон хавфсиз ҳудудга кўчирилишини билдирган.
Жароҳатланган олти кишининг барчаси дастлаб Багбахара жамоат саломатлиги марказига олиб борилган, кейин Махасамунд тиббиёт коллежи шифохонасига кўчирилган. Улардан 3 нафари кейинчалик Райпурга юборилган.
Мазкур ҳодисадан бир кун аввал Пандрипани яқинидаги Карипат ўрмонида ўтин тераётган одамга ҳам қоплон ҳужум қилган. Унинг сўзларига кўра, ҳайвон унга икки марта ташланган. У қўлидаги болта ёрдамида қоплонни қайтарган. У бир неча жойидан тирноқ жароҳатлари олган ва ҳозир Махасамутда даволанмоқда. Ўрмон мутасаддилари икки ҳужумда ҳам айнан бир қоплон қатнашган-қатнашмаганини ҳозирча аниқламаган. Кетма-кет содир бўлган ҳужумлар Жхитки, Пандрипани ва ўрмонларга туташ бошқа қишлоқларда хавотир уйғотган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Янги Гвинеянинг Порт-Морсби шаҳридаги “Adventure Park” ҳайвонот боғида тимсоҳ боғ ходимига ҳужум қилиб, уни ўлдирганди.