Қодировнинг қизи администрация раҳбарига биринчи ўринбосар бўлди
Олам
−
01 Февраль 2024 5632 2 дақиқа
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг иккинчи қизи Хадижат Қодирова отасининг администрацияси раҳбарига биринчи ўринбосар этиб тайинланди. Бу ҳақда Рамзан Қодировнинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг айтишича, бундай таклифни Чеченистон ҳукумати администрацияси раҳбари Галас Таймаханов билдирган. У Хадижат ўзининг аввалги иш жойида ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлашда муваффақиятга эришганини алоҳида қайд этган.
Қодировнинг қизи ўзининг янги лавозимида ҳукуматнинг ижтимоий блок билан ўзаро алоқаларини назорат қилади. Рамзан Қодиров бу таклифни маъқуллаб, қизига муваффақият тилади.
Маълумот учун, Хадижат Қодирова 24 ёшда. Бунгача у 3 йил давомида Грозний мэриясининг Мактабгача таълим бўлимига раҳбарлик қилган. Бундан олдин Хадижат қиз болалар боғчасининг мудираси бўлган. У “Чеченистон Республикаси олдидаги хизматлари учун” медали ва Аҳмад Қодиров номидаги ордени билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябрь ойида Қодировнинг Чеченистон маданият вазири бўлиб ишлаган тўнғич қизи Ойшат бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланганди. У 25 ёшда. Ойшат ҳам Хадижат сингари давлат мукофотларига эга. Қодировнинг яна бир қизи Хутмат эса Чеченистон раҳбари котибияти бошлиғининг ўринбосари ва республика соғлиқни сақлаш сектори куратори саналади.
Рамзан Қодировнинг тўнғич ўғли Аҳмад ноябрь ойида республика жисмоний тарбия, спорт ва ёшлар сиёсати вазирининг биринчи ўринбосари бўлди.
Қодировнинг яна бир ўғли Адам эса "Чеченистон Қаҳрамони" унвонига сазовор бўлган.
ОАВ Қодировнинг жами 14 нафар фарзанди борлиги, улардан икки нафари асраб олинганини ёзади.
Қодиров қариндошларининг лавозимга тайинланишини “кимга ишонсам, шуни тайинлайман” деган сўзлари билан изоҳлаган.
Live
Барчаси