Қодировнинг 15 яшар арзандаси “муҳим лавозимга” тайинланди

Олам

image

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли Адам отасининг хавфсизлик хизматида “муҳим” ва “масъулиятли” лавозимга тайинланди. Бу ҳақда Чеченистон миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот вазири Аҳмад Дудаев ва Россия Давлат думасининг Чеченистондан сайланган депутати Адам Делимхонов ўзларининг Telegram-каналларида хабар берди.

“Қадрдон укам Адам Қодировни Чеченистон Республикаси раҳбарининг хавфсизлик хизматида муҳим лавозимга тайинлангани билан чин қалбимдан табриклайман”, деб ёзади Дудаев.

Унинг сўзларига кўра, кичик Қодиров ўзини “ватаннинг жасур, қўрқмас ватанпарвари ва динни ҳимоя қилишга тайёр шахс” сифатида кўрсатган, шунингдек, бир неча бор ҳарбий амалиётлар зонасида бўлган.

Делимхонов эса “азиз жияни”нинг бу лавозимга тайинланиши табиий эканини ёзган. Унинг сўзларига кўра, ўсмир (у 15 ёшда) ўзини ор-номус ва қадр-қиммат тушунчалари биринчи ўринда турадиган муносиб инсон сифатида кўрсатмоқда.

Маълумот учун, Рамзан Қодировнинг ўзи ҳам 2003 йилда отаси Аҳмад Қодировнинг хавфсизлик хизматига бошлиқ бўлган. Катта Қодиров 2004 йил май ойида Грознийдаги теракт пайтида вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, август ойида 15 ёшли ўғли Адам Қодиров Қуръонни ёқиб юборгани учун ҳибсга олинган 19 ёшли Никита Журавелни тергов изоляторида калтаклаганди. Журавел Россиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) Татьяна Москалковага мазкур ҳолат юзасидан мурожаат йўллаган эди. Аммо Грозний шаҳар полицияси мазкур ҳодиса юзасидан жиноий иш очишдан бош тортган, бунга Қодировнинг ўғли 15 ёшда эканлиги ва жиноий жавобгарлик ёшига етмаганини сабаб қилиб кўрсатган эди. Октябрь ойида эса Адамга Чеченистон қаҳрамони унвони берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Рамзан Қодиров Чеченистон Адам Қодиров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг