Қодировдан кутилган “бомба”: МТ сайловга номзод кўрсатмоқчи эмас
Жамият
−
13 Май 2023
20797“Миллий тикланиш” демократик партияси президентлик сайловига ўз номзодини қўймаслигини маълум қилди. Партия лидери Алишер Қодиров муддатидан илгари президентлик сайловларида ЎзЛиДеП билан биргаликда амалдаги Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлаш таклифини берган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири бугун, 13 май куни Тошкентда ўтказилган “Миллий тикланиш” партияси пленумидан хабар қилди.
“Партия ўтган парламент ва президентлик сайловларида олдига дастурий мақсад сифатида белгилаган 237 та мақсаддан 143 таси амалдаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй- ҳаракатлари натижасида амалга ошган. Партиямизнинг барча фаоллари билан маслаҳатлашган ҳолда муддатидан илгари президентлик сайловларида ЎзЛиДеП билан биргаликда амалдаги Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини қўллаб қувватлаш таклифини бермоқчиман”, деган Алишер Қодиров.
Шунингдек, партия етакчиси бугунги мураккаб давр бирлашишни талаб қилишига урғу берган.
“Биз амалдаги Президент атрофида мустаҳкам бирлашиб она ватанимиз қудрати ва халқимиз фаровонлигини таъминлашнинг энг самарали йўлини топишимиз зарур”, дея қўшимча қилган Қодиров.
Демак, Алишер Қодиров ўз номзодини илгари сурмоқчи эмас. Ушбу партиялар авваллари ҳам парламентда демократик блок ўлароқ коалиция тузгани кузатилган. Энди ҳамкорлик президентлик сайловларида ҳам давом этади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 24 октябрда ўтказилган президентлик сайловида Алишер Қодиров “Миллий тикланиш” демократик партиясидан ўз номзодини қўйган ва сайловчиларнинг 5,5% овозини қўлга киритган эди.