Қобул аэропортида портлаш содир бўлди (видео)
Олам
−
26 Август 2021
20886Бугун, 26 август куни Афғонистон пойтахти Қобулдаги аэропорт яқинида портлаш содир бўлди. Террорчилик ҳаракати сифатида баҳоланган портлаш оқибатида камида 15 киши жароҳатланган. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” газетаси ёзмоқда.
Қайд этиш керакки, ушбу маълумотни Пентагон матбуот котиби Жон Кирби ҳам тасдиқлаган.
“Sky News Arabia” телеканалининг хабар беришича, худкуш портловчи қурилмани ишга туширган, портлаш аэропортнинг шимолий дарвозасида юз берган. Ҳали ҳам аэропорт яқинида Афғонистонни тарк этмоқчи бўлган бир неча минг одам бор, тинимсиз ўқ овозлари эшитилмоқда. CNN телеканалига кўра, жароҳатланганлар орасида Афғонистоннинг тинч аҳолиси вакиллари ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 26 август куни Қобул аэропортини тарк этаётган Италиянинг ҳарбий самолёти ўққа тутилди. Ҳарбий ҳаво транспорти эвакуация жараёнларида қатнашаётган ва бортида 98 фуқаро ҳамда журналистларни Афғонистондан олиб кетаётган бўлган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди. Бироқ, улар айни вақтда уй қамоғига олинган.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси