Қийноққа солиш ҳолатини содир этган ходим жазоланди
Жамият
−
24 Июль
5740Жорий йилнинг биринчи ярмида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда ишловчи 50 нафар ходимга ҳайфсан берилди, 2 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилди, 3 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ҳисоботида маълум қилинди.
Билдирилишича, Сирдарё тумани “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи, Қўқон “Мурувват” интернат уйи, Андижон тумани “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйига амалга оширилган мониторинглар давомида 3 нафар ходими билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, 35 нафар ходимига “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган ва 2 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани 2-сон руҳий асаб касалликлари диспансери ва Фарғона вилоят 2-сонли руҳий касалликлар шифохонасининг 6 нафар, Қашқадарё вилоятидаги шаҳар, туман вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида фаолият юритувчи 9 нафар ички ишлар органлари ходимларига нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. Андижон вилояти Психоневрология диспансерининг 1 нафар ходими ишдан бўшатилган.
Омбудсман номига 2024 йил 1-ярим йиллигида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги юзасидан 95 та шикоят келиб тушди. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг шу даврида 125 тани ташкил этган.
Шикоятларнинг 8 таси юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсман мурожаатига асосан юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши белгиланган. 35 таси эса ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғини топмади. Омбудсманнинг назорат хатига кўра, 1 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.
52 та шикоят юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
LiveБарчаси