Қиролича эрка шаҳзоданинг янги ҳаёт бошлашига розилик берди
Олам
−
14 Январь 2020
7229Буюк Британия қироличаси Елизавета II шаҳзода Гарри ва унинг турмуш ўртоғи Меган Марклнинг бироз муддат Канадада яшаш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Букингем саройининг расмий баёнотида айтилган.
Ёш жуфтлик молиявий имтиёзлардан воз кечиб, ўзлари ишлаб пул топиш ниятида эканликларини маълум қилишганди. Бундан ташқари, улар кўпроқ вақтини Шимолий Америкада ўтказишни исташяпти. Дастлаб қироллик оиласининг аъзолари бунга қарши бўлганди.
Бироқ қиролича Елизаветанинг сўзларига кўра, оила Гарри ва Меганнинг янги ҳаёт бошлаш қарорини маъқуллаган. У бундай қарорга ҳурмат билан қарашини таъкидлаган.
“Бу менинг оилам учун қийин масала, ҳали кўп иш қилиш керак. Мен яқин орада якуний қарор қабул қилишни сўрадим”, дейилади расмий баёнотда.
Елизавета II нафақат шаҳзода Гаррини, балки унинг акаси Уильям ва отаси Чарльзни ҳам чақирган. Саройга, шунингдек, қироллик оиласининг бошқа аъзолари ҳам тўпланган.
Маълумот учун, шаҳзода Гарри қиролича Елизаветанинг энг суюкли набираларидан ҳисобланади. Шу сабабдан қиролича дастлаб эркатой набирасининг ўзидан узоқлашишига қарши бўлган.
LiveБарчаси