Қирғизистондаги вазият: Сиёсий партиялар бир-бирини тан олмайдиган иккита кенгашга бирлашди

Олам

image

Қирғизистондаги сиёсий инқироз борган сари чигаллашиб боряпти. Мамлакатда бирдан иккита Мувофиқлаштириш кенгаши тузилди.

Кеча, 6 октябрь куни нисбатан йирик мухолиф партиялар: Қирғизистон социал-демократик партияси, “Республика”, “Ата Мекен”, “Бутун Қирғизистон”, “Бир бол”, “Замондош”, “Реформа” ва “Ордо” бирлашиб, сиёсий инқироздан чиқиш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузганини эълон қилганди.

Бу Кенгашга Адахон Мадумаров етакчи қилиб сайланди. Тузилма амалдаги параламентнинг қонунийлигини тан олишини эълон қилди ва депутатларни Халқ ишончи Ҳукуматини тасдиқлашга чақирди.

Аммо бу кенгашга қарши бир гуруҳ сиёсий кучлар Халқ Мувофиқлаштириш кенгашини тузди. Кенгашга “Чон-Казат”, “Ордо”, “Мекен Ынтымагы”, “Реформа”, “Иймон нури” партиялари кирди.

Улар Садир Жапаров номзоди Бош вазир лавозимига кўрсатилганини тан олмаслигини маълум қилди. Шунингдек, кенгаш амалдаги парламентни тарқатиб юборишини очиқлади.

Бир сўз билан айтганда Қирғизистонда бир-бирини инкор қилувчи сиёсий гуруҳлар ўртасида кураш кетяпти. Ачинарлиси бу қарама-қаришилик парламент учун қайта сайлов ўтказиш билан босилмаслиги эҳтимоли юқори. Мамлакат Президенти Сооронбай Жээнбеков эса жим. У нималар билан бандлиги ҳақида маълумот йўқ. Сўнгги бор Жээнбеков вазиятни кузатаётгани ва томонларни муросага келтириш йўлларини қидираётгани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистондаги вазият

Баҳолаганлар

223

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг