Қирғизистондаги қонли воқеалар қандай кечган эди?
Таҳлил
−
07 Апрель 2023
15750Бундан 13 йил олдин 2010 йилнинг 7 апрель куни Қирғизистон тарихидаги энг қонли воқеаларнинг бири содир бўлган эди. Унинг оқибатида ҳокимият алмашган, мамлакат раҳбариятининг деярли барчаси қочиб кетган эди.
Тарихга назар солсак, 6 апрель куни Бишкекдаги Ала-Тоо майдонида мухолифат тарафдорлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари орасида рўй берган тўқнашув бу ҳаракатларнинг бошланиши бўлганига амин бўламиз.
5 апрель куни Қирғизистон Ички ишлар вазири Молдомуса Конгантиев мухолифатнинг рухсат этилмаган митингларига йўл қўйилмаслиги, улар қаттиқ бостирилишини маълум қилган. Шу боис тўпланган мухолифат вакиллари жанубий вилоятлар ва Бишкек полициячиларидан тузилган махсус кучларнинг бирлашган отряди томонидан тарқатила бошланган. Бундан ташқари, Талас вилояти давлат маъмурияти биноси олдидаги майдонда полициячилар мухолифатчи Болот Шерниёзовни ҳибсга олган.
Бу эса таласликларнинг ғазабини қўзғаган ва улар милицияга тош отишни бошлаган. Майдон бир неча бор намойишчилардан тозаланган, бироқ кечқурун ва тунда полиция оммавий калтакланган – маҳаллий аҳоли 200 дан ортиқ махсус кучларни дўппослаган, вилоят ҳокимлиги ва вилоят ички ишлар бошқармаси биноларни ёқиб юборган. Шу билан бирга, Ички ишлар бошқармасидан 700 дан ортиқ қурол-яроғ йўқолган, вақтинчалик ҳибсхонада сақланаётган 70 га яқин маҳбус қочиб кетган.
Кечаси Ички ишлар вазири Конгантиев Бош вазир ўринбосари Оқилбек Жапаров билан бирга қўзғолончиларни тинчлантириш учун Таласга борган. Аммо унинг отряди тарқалиб кетган ва Ички ишлар вазири асирга олиниб, қаттиқ калтакланган. Таласдаги махсус операцияга раҳбарлик қилган Бош вазир ўринбосари Оқилбек Жапаров ҳам ғойиб бўлган. Бироқ орадан бир неча кун ўтиб, у тирик ва деярли беталафот ҳолда пайдо бўлган.
6 апрелдан 7 апрелга ўтар кечаси махсус хизматлар Бишкекда Алмазбек Атамбоев, Темир Сариев, Кенешбек Душебоев, Омурбек Текебоев каби мухолифат етакчиларини ҳибсга олган. Роза Отунбоева эса озодликда қолган ва унинг қаердалиги сир сақланган.
7 апрель куни эрталаб Бош вазир Дониёр Усенов Бишкекда катта матбуот анжумани ўтказиб, намойишчиларни “бандитлар” деб атаган ва журналистларни Таласдаги вазият нормал ҳолатга қайтишига ишонтирган. Аммо у томонидан келтирилган баъзи фактлар Таласдаги махсус кучлар мағлубиятга учраганидан далолат берган. Масалан, Дониёр Усенов 15 нафар полиция ходими бедарак йўқолганини маълум қилган.
Бош вазир матбуотга интервью бераётган бир пайтда Бишкекнинг Олма-Атинская кўчаси бўйлаб мухолифат вакиллари тўпланган. Полиция бу ерда ҳам йиғилганларни тарқата бошлаган. Бироқ соат 11 ларда намойишчилар ёрдамга келган полиция ва махсус хизматнинг “Альфа” гуруҳини ағдариб ташлашга муваффақ бўлган. Давлат ходимлари оммавий равишда калтакланган, аммо баъзи одамлар қирғинни тўхтатиб, қонга беланган қурбонларни оломондан олиб кетишган.
Одамлар 6 га яқин полиция машинасини ёқиб юборган. Шундан сўнг, катта оломон Чуй проспектида колонна бўйлаб Оқ уй (Президент қароргоҳи) томон ҳаракатланган. Ҳарбий қуроллар ва гранатомётлар билан тўлган иккита ҳарбий юк машинаси ҳам намойишчилар қўлида бўлган. Соат 13:00 атрофида улар Ала-Тоо майдонига етиб борган.
Юк машиналари Оқ уй дарвозаларини бузишга ҳаракат қилган, бироқ уларнинг ҳайдовчилари полициячилар томонидан отиб ташланган. Афтидан полиция резина ўқларни ишлатган, чунки ўшанда ҳеч ким жабрланмаган ва ҳайдовчилар қочиб кетган. Полиция отряди яна одамларни тарқатиб юборишга киришган ва натижада намойишчилар Оқ уйдан орқага сурилган.
Ала-Тоо майдонида эса қалқон ва дубулға билан жиҳозланган Ички ишлар вазирлиги курсантлари саф тортган. Уларга пост патрул хизмати жамоаси ёрдам берган. Аммо полициячилар жуда оз бўлган. 200 га яқин хизматчилар бир неча минг фуқароларни тарқатиб юбориш учун етарли бўлмаган.
Намойишчилар полицияга тош отиб, аста-секин олға силжиган. Тўсатдан пост-патрул хизмати ходими ёнида граната портлаган. Оқибатда полициячи Алмаз Акчакеев иккала оёғидан айрилган.
Курсантлар яна бир неча дақиқа устига ёғилаётган тошларга бардош берган. Кейин уларнинг оёқлари остида ҳам бир граната портлаган. Оқибатда уларнинг сафи парчаланиб кетган ва курсантлар қоча бошлаган. Югуриб келаётган намойишчилар уларни таёқ билан урган. Икки нафар курсант — Эдил Такирбашев ва Никита Куш вафот этган.
Полицияни тарқатиб юборган намойишчилар Оқ уйга яқинлашган ва ичкарига киришга ҳаракат қила бошлаган. 10-15 га яқин одам байроқлар билан дарвозадан ошиб ўтган ва уларни бир неча сония ичида снайперлар отиб ташлаган.
Кейин қирғин бошланган. Снайперлар дастлаб Оқ уй периметри ичига кирганларнинг ҳаммасини отиб ташлаган, бироқ одамлар тарқалмаганини кўриб, панжара ортида турганлар ҳам ўққа тутила бошлаган. Доимий равишда янги одамлар келиб, намойишчиларга қўшилган, вақти-вақти билан улар ҳужумга ўтган, аммо йўқотишлар билан орқага чекинган.
Президент Ишлари маъмуриятининг махсус поликлиникаси биноси жасадлар ва ярадорлар билан тўлиб кетган. Намойишчиларнинг яна бир катта гуруҳи ҳибсга олинган мухолифат етакчиларини қутқаришга уриниб, Миллий хавфсизлик хизмати биносини қуршаб олган. Қуршов 2 соатдан ошиқ давом этмаган ва барча ҳибсга олинганлар озод қилинган.
Соат 16:00 дан 18:00 гача намойишчилар Бош прокуратура биносини талон-торож қилиб, унга ўт қўйган, кейин эса Жогорку Кенеш биносига бостириб кирилган. Кечки соат 20:00 атрофида ўша пайтдаги президент Қурманбек Бакиев Оқ уйни тарк этган. Бу бурилиш нуқтаси бўлган. Ундан кейин қолган ходимлар ҳам қочиб кетишни бошлаган.
Кечга яқин Оқ уйда фақат ҳарбийлар ва бош вазир Д.Усенов қолган. Ярим тунда у ҳам таслим бўлган ва Ички ишлар аскарлари ҳимоясида жўнаб кетган. Шундан кейин мамлакатда расмий ҳокимият вакиллари қолмаган. Ҳокимиятга эса Роза Отунбоева бошчилигидаги муваққат ҳукумат келган.
Шундай қилиб, Қирғизистон тарихидаги қонли кун тугаган. Ҳаммаси бўлиб 87 киши ҳалок бўлган, 300 дан ортиқ киши жароҳат олган. Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев, Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари Жаниш Бакиев ва собиқ бош вазир Дониёр Усенов 2010 йил 7 апрель воқеаларида айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ҳукм 2014 йил 25 июлда эълон қилинган.
LiveБарчаси