Қирғизистондаги 4 та пансионат 49 йилга Ўзбекистон ихтиёрига ўтади
Жамият
−
17 Август 2023
29749Қирғизистондаги Иссиқкўл соҳилида жойлашган “Дилором”, “Золотые пески”, “Роҳат” ва “Бўстон” пансионатлари 49 йил давомида Ўзбекистон тасарруфида бўлади. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш агентлиги директори Канатбек Турғунбеков маълум қилди.
Унинг айтишича, Ўзбекистон пансионатларнинг ҳар бирига 15-20 миллион доллардан сармоя киритмоқчи. Давлат мулкини бошқариш жамғармаси мазкур бинолар давлат мулки бўлиб қолишини ва инвесторга вақтинчалик бошқарувга берилишини маълум қилган.
“Бу ишлайдиган жойлар, 4−5 юлдузли меҳмонхоналар. Ҳаммамиз хурсанд бўламиз. Келиб қуришсин”, деган Турғунбеков.
Мазкур 4 та пансионат СССР парчаланганидан кейин Ўзбекистон томонининг мулки бўлиб қолган, бироқ 2016 йил апрелида давлатлар ўртасидаги муносабатлар кескинлашгани фонида Темир Сариев бошчилигидаги ҳукумат объектларни миллийлаштирган. Дам олиш масканларининг номлари қирғиз тилига таржима қилиниб, “Роҳат” – “Олтин-Жай ”, “Дилором” – “Энесай”, “Золотые пески” – “Бостери” деб ўзгартирилган. Аммо “Бўстон” пансионатининг номи ўзгаришсиз қолган.
Ўзбекистон бу қарорга жавобан халқаро арбитражга даъво аризаси берган.
2017 йилнинг декабрида Сапар Исоқов бошчилигидаги Қирғизистон ҳукумати Бишкек тўртта пансионатни Ўзбекистонга беришга қарор қилгани, бироқ ерни ўзида сақлаб қолаётгани ҳақида хабар берган. Бунинг эвазига Ўзбекистон пансионатларга сармоя киритиши ва халқаро арбитраждан даъвосини қайтариб олиши керак эди. Аммо 2019 йил 8 май куни ҳукумат матбуот хизмати Сапар Исоқов ва Ўзбекистон ўртасидаги келишув имзоланмаганини айтган.
2020 йилда Қирғизистон ҳукумати “Золотые пески”, “Роҳат” ва “Дилором” давлат пансионатларини хусусий мулкка ўтказиш ниятида эканлигини маълум қилган. 2022 йилнинг апрель ойида эса Давлат мулкини бошқариш жамғармаси суд жараёнлари давом этаётганини, бироқ музокаралар фаоллашганини маълум қилди.
LiveБарчаси