Қирғизистонда Ўзбекистон билан чегара келишувига қарши чиққанлар қўлга олинди

Олам

image

Кеча, 23 октябрь куни Қирғизистонда Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 22 киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда DW нашри маҳаллий ОАВга таянган ҳолда хабар берди.

Гап шундаки, ҳибсга олинган шахслар, “Кампирободни ҳимоя қилиш қўмитаси”ни тузишда қатнашган. Улар Ўзбекистон томони сув омборини ўз ихтиёрига олганидан сўнг давлатлар ўртасидаги шартнома мажбуриятларини бажармаслиги мумкинлигини, сув омбори ҳудуди ҳеч қачон мамлакатлар ўртасида тортишув объекти бўлмаганини иддао қилиб, шунинг учун бу ерларни Ўзбекистонга топшириш тўғри эмас, деб ҳисоблаяпти.

Шундан сўнг, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Кампирободдаги митинглар ортида ким тургани ҳақида маълумотларга эгалигини айтган.

Ҳибсга олинган шахслар орасида бир қатор қирғизистонлик сиёсатчилар ва ҳукумат идораларининг собиқ ходимлари бор. Жумладан, парламент собиқ депутати Асия Сасикбаева, Конституциявий суднинг собиқ аъзоси Клара Сооронкулова, МСК собиқ аъзоси Гулнора Журабаева, собиқ депутат Кубаничбек Кадиров, Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаров ва ўнлаб мухолифатчилар ҳибсга олинган. Уларнинг барчаси мамлакатда тартибсизликлар уюштириш иши бўйича тергов доирасида 48 соатга Бишкекдаги вақтинчалик ҳибсхонага жўнатилган.

Шунингдек, суд Қирғизистон парламентининг собиқ спикери Канат Исаевга нисбатан алоҳида эҳтиёт чораси тайинлади – у оммавий тартибсизликларни уюштирганликда айбланиб, бир ой муддатга тергов изоляторига жойлаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистонга бориб, чегара борасида келишувни бошлаш тўғрисидаги баённомани имзолаганди.

6 октябрь куни, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўзаро чегараларни келишиш давомида расмий Бишкек баҳсли ерларнинг 99 фоизини олганини ва ўз ерларини Ўзбекистонга бермаганини айтиб чиқди.

10 октябрь куни, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Қирғизистонга жами 19 минг гектардан ортиқ ер олиб, Ўзбекистонга эса Кампиробод сув омбори акваториясидаги 4485 гектар ер берилишини маълум қилганди. Сув омборини икки давлат биргаликда бошқаришига келишилганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Кампиробод

Баҳолаганлар

647

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг