Кампирободни Ўзбекистонга берилишига қарши чиқиб қамалганлар очлик эълон қилди
Олам
−
23 Август 2023
289042022 йилнинг 23 октябрида Қирғизистонда Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 22 киши ҳибсга олинганди. Ушбу Кампиробод ишида айбланаётган олти нафар шахс тергов ҳибсхонасида очлик эълон қилди. Бу ҳақда “АКИpress” хабар берди.
Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаров, сиёсатчи Женишбек Молдокматов, мамлакат Президентининг Талас вилоятидаги собиқ мухтор элчиси Айбек Бузурманқулов, Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби Кенешбек Дуйшебаев, фаоллар Марат Баязов ва Айданбек Акматовлар тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.
Ҳибсга олинганлар норозилик белгиси сифатида очлик эълон қилгани, чунки прокуратура ва тергов органлари уларнинг ҳуқуқларини қўпол равишда поймол этганини айтган.
Қайд этилишича, уларнинг ҳибсхона ходимларига нисбатан ҳеч қандай шикоятлари йўқ. Айбланувчиларнинг соғлиғи қониқарлилиги ҳамда улар шифокор назоратида экани маълум қилинган.
Аниқланишича, уларнинг суд жараёни шу йилнинг 5 сентябрига қолдирилган.
Гап шундаки, ҳибсга олинган шахслар “Кампирободни ҳимоя қилиш қўмитаси”ни тузишда қатнашган. Улар Ўзбекистон томони сув омборини ўз ихтиёрига олганидан сўнг давлатлар ўртасидаги шартнома мажбуриятларини бажармаслиги мумкинлиги, сув омбори ҳудуди ҳеч қачон мамлакатлар ўртасида тортишув объекти бўлмаганини иддао қилиб, шунинг учун бу ерларни Ўзбекистонга топшириш тўғри эмас, деб ҳисоблаган.
Шундан сўнг, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Кампирободдаги митинглар ортида ким тургани ҳақида маълумотларга эгалигини айтди.
Ҳибсга олинган шахслар орасида бир қатор қирғизистонлик сиёсатчилар ва ҳукумат идораларининг собиқ ходимлари бор. Жумладан, парламент собиқ депутати Асия Сасикбаева, Конституциявий суднинг собиқ аъзоси Клара Сооронкулова, МСК собиқ аъзоси Гулнора Журабоева, собиқ депутат Кубаничбек Кадиров, Қирғизистоннинг Малайзиядаги собиқ элчиси Азимбек Бекназаров ва ўнлаб мухолифатчилар ҳибсга олинган. Уларнинг барчаси мамлакатда тартибсизликлар уюштириш иши бўйича тергов доирасида 48 соатга Бишкекдаги вақтинчалик ҳибсхонага жўнатилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 30 ноябрь куни Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда икки давлат ўртасида муаммо бўлиб келган Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилишга оид қонунларни имзолаганди.
Икки мамлакат ўртасидаги келишувга мувофиқ Ўзбекистон ўз ҳудудига Андижон (Кампиробод) сув омборининг 4957 гектарини ҳамда тўғонни сақлаш ва муҳофаза қилиш учун қўшимча 19,5 гектарни олади. Қирғизистон компенсация сифатида 1019 гектар яйловга эгалик қилади.
LiveБарчаси