Қирғизистонда милиционерларни видеога олишни тақиқловчи қонун лойиҳаси рад этилди
Олам
−
20 Декабрь
1078Қирғизистонда Жогорку Кенеш милиционерларни обрўсизлантириш мақсадида видеога олишни тақиқловчи қонун лойиҳасини рад этди. Бу ҳақда “Акиpress” хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 19 декабрь куни Жогорку Кенешда “Баъзи қонун ҳужжатларига (Жиноят кодекси ва Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексига) ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилган. Лойиҳа муаллифлари – Жогорку Кенеш депутатлари Суюнбек Ўмурзоқов, Винера Раимбачева, Алишер Эрбоев, Қундузбек Сулаймонов ва Ирисбек Отажанов бўлган.
Ўмурзоқовнинг билдиришича, қонун лойиҳаси жамоат тартибини сақлаш ёки бузилишининг олдини олиш бўйича вазифаларни бажарувчи ҳокимият вакилига ёки бошқа шахсларга қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ бўлган безорилик учун ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш ва санкцияларни оширишга қаратилган.
“Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимининг қонуний талабига бўйсунмаслик, шунингдек, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича вазифаларни бажарувчи бошқа шахснинг фаолиятига ноқонуний аралашиш, ходимларнинг хизмат вазифаларини бажариши жараёнида фото ёки видео суратга олиш ва ушбу материалларни интернет сайтларига жойлаштириш орқали ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини обрўсизлантириш мақсадида тарқатиш, жисмоний шахсларга 50 ҳисобланган кўрсаткич миқдорида жарима ёки 5 дан 7 кунгача ҳибсга олиш жазоси қўлланилишига олиб келади”, дея қонундаги таклиф этилган ўзгартишларни шарҳлаган Ўмурзоқов.
Муҳокамада депутатлар ушбу қонун лойиҳасига қарши чиқиб, уни қўллаб-қувватламасликка чақирган. Муҳокамадан сўнг қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш бўлиб ўтган: 44 та депутат – “ҳа”, 6 та депутат — “йўқ” деб овоз берган. Жами овоз берганлар – 50 нафар, рўйхатдан ўтганлар – 83 нафар.
Якунда Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Шакиев қонун лойиҳаси қабул қилинмаганини эълон қилган. Қонун лойиҳасига қарши овоз берган депутатлар Чингиз Айдарбеков, Жанар Ақаев, Сайидбек Атамбаев, Достон Бекешев, Бахтиёр Калпоев ва Айсулуу Мамашова бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ҳам ички ишлар органи ходимларини тасвирга олиб, тарқатишни тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва Сенат уни қайта кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига юборган эди.
LiveБарчаси