Иссиқкўл тубидан X-XI асрларга оид ноёб тангалар топилди
World
−
10:25 1180 2 minutes
Қирғизистондаги Иссиқкўл кўли тубидан археологлар X-XI асрларга оид Қорахонийлар даври тангаларини топди. Бу ҳақда археологик тадқиқотлар ҳамраҳбари, Россия Фанлар академияси Археология институти илмий ходими Максим Меньшиков маълум қилди.

Қайд этилишича, тангалар кўл тубидаги ўрта асрларга оид Тору-Айғир археологик мажмуасида олиб борилган навбатдаги сувости тадқиқотлари давомида топилган. Олимлар ушбу мажмуани бир неча йилдан буён ўрганиб келмоқда.
Максим Меньшиковнинг айтищича, топилган тангалар таркибида қўрғошин миқдори жуда юқори бўлган. Унинг тахминига кўра, ўша даврда мис танқислиги юзага келгани сабабли металл таркибига 90 фоизгача қўрғошин қўшилган бўлиши мумкин.
Мутахассис бу каби қўрғошиндан тайёрланган тангалар инсоният тарихида жуда кам учрашини қайд этган. Тангаларнинг таркиби бўш ва мўрт бўлгани сабабли уларнинг сақланиш ҳолати яхши эмас, ёзувларини ўқиш ҳам қийин.
Экспедиция давомида чўян қозоннинг бир қисми, шунингдек, йирик сопол идишларнинг парчалари ҳам топилган.
Маълум бўлишича, Қирғизистон ҳудудида ҳозиргача куйдирилган ғиштдан қурилган ўрта асрларга оид олтита иншоот маълум бўлган. Тору-Айғир ёдгорлиги ҳудудида эса археологлар еттита шундай иншоотни аниқлаган.
Тадқиқотлар Россия География жамияти ҳомийлигидаги халқаро сувости археология экспедицияси доирасида ўтказилмоқда. Шунингдек, кузда Иссиқкўл тубидан топилган сопол буюмларнинг нусхалари кўргазмаси ташкил этилиши режалаштирилган.
Экспедиция иштирокчилари асл топилмаларни Қирғизистондан олиб чиқиши мумкин эмас. Шу боис, Москвадаги кулоллар топилмаларнинг нусхаларини тайёрламоқда. Улар асл буюмларнинг фотосуратлари билан бирга намойиш этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро шаҳридаги Шаҳристон археологик ёдгорлигида Сомонийлар даврига оид жоме масжидининг меъморий безаклари – куфий ёзувлар туширилган ганч панель қолдиқлари аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All