“Эркаклар бузилиб кетди”. Жапаров оилаларнинг ажралиши ҳақида гапирди

World

−

image

Оиласидан кетиб, бошқа аёлга уйланадиган эркаклар ўз фарзандларини таъминлаши шарт. Бу ҳақда бугун, 12 октябрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Боткен шаҳри ва Боткен тумани аҳолиси билан учрашувда маълум қилди.

Қирғизистон Президентига мулкий низо сабаб эри билан судлашаётганини айтиб, Гулзат исмли аёл мурожаат қилган. Аёлнинг сўзларига кўра, уларнинг уч нафар фарзанди бор, 2015 йилда эса турмуш ўртоғи яширинча бошқа аёлга уйланган. 2022 йилда аёл ажрашиш ва мол-мулкни бўлиш бўйича ариза берган. Аёл ҳозирда низо предмети бўлиб турган хонадонда фарзандлари билан яшаётганини ва кўчага ҳайдалишдан хавотирда эканини билдирган.

Жапаров унинг эри қаерда ишлашини сўраган. Фуқаро унинг тадбиркор эканини айтган. Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Одилбек Бийбосунов ажрашиш жараёни бошланганини ва эрининг укаси судда ёлғон кўрсатма бергани айтилаётганини маълум қилган. Аёл милицияга мурожаат қилиб, унга нисбатан чора кўришни сўраган.

Садир Жапаров ушбу масалани ҳуқуқий жиҳатдан кўриб чиқишни сўраган. 

“Агар бошқасига уйланишга қарор қилган бўлса, нега уй ва мол-мулкни оиласига, болалари ва хотинига қолдириб, ўзи чиқиб кетмайди? Эркаклар бузилиб кетди”, дейди у.

Жапаров Японияни мисол қилиб келтирган. Унинг сўзларига кўра, у ерда ажралишлар деярли йўқ, чунки қонунчилик эркакнинг собиқ оиласи олдидаги мажбуриятларини қатъий белгилаб қўйган.

“Агар ажрашган бўлсанг, бутун умр фарзандларингни ва собиқ хотинингни таъминлашинг керак. Бошқасига уйланган бўлсанг ҳам, барибир уларни таъминлашга мажбурсан. Эркак кишига шундай мажбурият юкланади”, дейди Жапаров.

У ўзини таъминлаган эркак хотинини уч нафар фарзанди билан уйсиз қолдирмаслиги, уй ва мол-мулкни тортиб олиб, бошқа оила қурмаслиги кераклигини қўшимча қилган. 

“Ахир у аввалги оиласини ҳам таъминлаши керак-ку. Булар унинг фарзандлари ахир”, дейди Қирғизистон Президенти.

Садир Жапаров милиция, прокуратура ва суд ходимларига Гулзатнинг мурожаатини холис кўриб чиқиш ҳамда болалар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда уй-жой масаласини ҳал қилишга ёрдам беришни топширган. У ишни ўзи шахсан назоратига олишини маълум қилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends