Қирғизистонда имомларга маош жорий этилади
Олам
−
11:23
3426Қирғизистонда 2025 йилнинг март ойидан бошлаб масжидлардаги имомларга маош тўланади. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакатда ўтказилган III Халқ Қурултойида сўз очди.
Президентга кўра, дастлабки босқичда маош миқдори 8000 қирғиз сўмини (тахминан 1 млн 180 минг сўм) ташкил этади, бу йил охиригача 20 минг қирғиз сўмига (тахминан 3 млн сўм) кўтарилади.
Шунингдек, давлат раҳбари маблағ давлат бюджетидан ажратилмаслигини таъкидлаган.
“Биз дунёвий давлат сифатида динга, диний етакчилар эса сиёсатга аралашмайди. Бу борада республика бюджетидан маблағ ажрата олмаймиз. Бюджетнинг ўрнига масжидлар фаолиятини ва имом-хатибларнинг маошларини молиялаштириш учун аввал ҳисобланмаган манбалардан фойдаланилади”, деган Жапаров.
Қолаверса, Президент имом-хатибларнинг инсон туғилганидан ўлимгача бўлган даврда жамият ҳаётидаги аҳамиятига тўхталиб, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлаган.
Президент ўз нутқи давомида QR-код орқали хайрияларни қабул қилиш имконияти тез орада амалга оширилишини ҳам айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Жогорку Кенеши йиғилишида депутатлар “Диний эътиқод эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида”ги ва “Диний соҳадаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда маъқуллаганди. Қонун лойиҳаси диний объектларни ҳисобга олишни ҳуқуқий тартибга солиш, диний хайрия жамғармаларини ҳисобга олиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) ҳамда диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари тушунчасини жорий этишга қаратилган.
LiveБарчаси