Қирғизистонда давлат тилида эфир юритмаган телеканаллар жаримага тортилди

Олам

image

Қирғизистон Маданият вазирлиги олти ой давомида 7 та телеканалда режали текширув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди

Текширув давомида “312 КИНО” ва “312 ТВ” телеканаллари Қирғизистон Республикасининг “Телевидение ва радиоэшиттиришлар тўғрисида”ги қонунининг 8-моддаси 2-банди 2-кичик бўлимида белгиланган меъёрий талабларга риоя қилмаётгани аниқланган.

Шу муносабат билан вазирлик томонидан “312 КИНО” ва “312 ТВ” телеканалларига нисбатан чора кўрилган. Бу телекомпанияларнинг ҳар бири 23 минг сомдан жаримага тортилган.

Қайд этилишича, Қирғизистонда амалдаги қонунга кўра, телекўрсатувларнинг камида 50 фоизи, жумладан, соат 07:00 дан 10:00 гача ва 18:00 дан 23:00 гача эфирга узатиладиган дастурлар қирғиз тилида бўлиши шарт.

Бундан ташқари, “312 Музика”, “НТС”, “Кью-Спорт Арена”, “Бакайнур-Мега” (Next ТВ), “Тумар ТВ” телеканалларида режали текширувлар ўтказилган ва қонун бузилиш ҳолатлари қайд этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров жорий йилнинг 17 июль куни барча давлат хизматчиларига қирғиз тилини билиш мажбуриятини юкловчи қонун лойиҳасини имзолаганди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши Россиянинг “хавотирига” сабаб бўлди ва мамлакат Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қирғизистонда қабул қилинган давлат хизматчиларига қирғиз тилини билиши мажбурийлиги ҳақидаги қонунга нисбатан “демократияга зид”, дея баҳо берди. 

Вазир Марказий Осиё давлатларида давлат тили тўғрисидаги қонунларнинг қабул қилиниши тенденциясидан хавотир билдириб, бу борада Қирғизистон ҳукумати бир неча маротаба огоҳлантирилганини айтди. Садир Жапаров Лавровнинг сўзларига изоҳ бериб, Россия Ташқи ишлар вазири қонунни ўқимасдан туриб гапирган бўлиши мумкинлигини айтди. 

Маълумот учун, Қирғизистон аҳолисининг асосий қисми – 74,04 фоизи қирғизлардан иборат. Мамлакатдаги иккинчи энг катта этник бирлик ўзбеклар (14,81 фоиз) бўлиб, рус миллатига мансуб аҳоли мамлакат умумий аҳолисининг 4,97 фоизини ташкил қилади. Шунга қарамай, Қирғизистон конституциясининг 10-моддасида қирғиз тили давлат тили экани, шунингдек, рус тили ҳам расмий мақомга эгалиги белгилаб қўйилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон давлат тили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг