Қирғизистонда ҳокимиятни эгалламоқчи бўлган етти киши ушланди
Олам
−
13 Ноябрь
6935Қирғизистонда оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга алоқадорликда гумонланган етти киши қўлга олинди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси ходимлари бир гуруҳ томонидан оммавий тартибсизликлар ва ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга тайёргарлик кўрилгани ҳақида маълумот олган.
Аниқланишича, мазкур уюшган гуруҳ оммавий тартибсизликлар уюштириш, ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаш мақсадида тузилган. Ҳар бир иштирокчига роллар тақсимланган (ташкилотчилар, кўмакчилар, молиячилар, ижрочилар).
“Бишкек шаҳри яқинида спорт ўйинлари, шунингдек, турли мусобақаларни ўтказиш режалаштирилган эди. Шу баҳонада улар (қўлга олинган шахслар) зўравонликка чақириш, конституцияга зид талабларни илгари суриш ва сайлов куни ҳокимиятни эгаллаб олиш учун вазиятни беқарорлаштиришни мақсад қилган”, дейилади ИИВ хабарида.
Вазирликнинг аниқлик киритишича, қўлга олинган шахслар орасида Қирғизистон фуқаролари билан бирга, чет элликлар ҳам бор. Тинтув давомида улар яшаган жойдан жанговар граната, тўппонча, учта квадрокоптер, шунингдек, оломонга ичириш учун минг шиша ароқ, бир тонна гуруч ва от топилган.
Маълумот учун, Қирғизистон ҳукумати 2024 йил бошидан бери ҳокимиятни эгаллашга учинчи марта уринилаётгани тўғрисида хабар берди. Январь ойида республика президенти Садир Жапаров давлат тўнтаришининг олди олинганини маълум қилганди. Июлда эса мамлакат махсус хизматлари томонидан тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни эгаллашни ният қилган бир гуруҳ шахслар ушланган эди.
LiveБарчаси