Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашни режалаштирган гуруҳ қўлга олинди (видео)
Олам
−
05 Июль
13325Бугун, 5 июль куни Қирғизистонда амалдаги ҳокимиятни эгаллаб олишга уринган гуруҳ режаси тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар берди.
Келтирилишича, ушбу уюшган гуруҳ фуқаролар ўлимига сабаб бўлувчи оммавий тартибсизликлар уюштириш орқали мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришни мақсад қилган.
“Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва конституциявий тузум асосларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар доирасида ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олиш ва давлат ҳокимиятини қўлга киритишни режалаштирган бузғунчи гуруҳнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. Уларнинг нияти оммавий тартибсизликлар уюштириш орқали мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш бўлган”, дейилади хабарда.
Қўзғатилган жиноят иши бўйича олиб борилган терговда беш нафар шахс ушланиб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Ҳозирча уларнинг исм ва фамилиялари тергов сири сабабли эълон қилинмаган.
“Ушбу гуруҳ жиноятчилар мафкурасини қўллаб-қувватловчи, шунингдек, ақидапараст диний мафкурани тарғиб қилувчи шахслардан тузилгани аниқланди”, дейилган матбуот маркази хабарида.
Тинтув чоғида гумонланувчилардан қўлбола портловчи қурилмалар учун бутловчи қисмлар, ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар, зирҳлар, ҳуқуқ-тартибот органларининг кийим-кечаклари, учувчисиз учиш аппаратлари, экстремистик мазмундаги адабиётлар ва бошқа тақиқланган буюмлар топилиб, олиб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, 11 январь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси “KG Group” қурилиш компанияси директори Имомидин Тошовни давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда айблаганди. У қидирувда бўлган Тилекмат Куренов (АҚШда бўлган Қирғизистон фуқароси) ва бошқа шахслар билан биргаликда уяли алоқа воситаларидан фойдаланиб, оммавий митинглар ўтказиш, ижтимоий муаммоларни кўтариш ва ҳокимиятни эгаллашни режалаштиргани айтилганди. Уларнинг сафдошлари эса қўлга олинди.
LiveБарчаси